Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

Самарқанда вилоятида аёллар саратонини олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

22 Июль 2022

22 июль Самарқанд вилоятиниг Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида Вирусология илмий-текшириш институти, Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ҳамда Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан “Республика ҳудудларида одам папилломаси вирусини аҳоли ўртасида тарқалганлигини текшириш ва диагностикасини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ўтказиш масалалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жанубий Кореянинг KOFIH фонди вакиллари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ходимлари, илмий марказ шифокорлари, юқумли касалликлар шифохоналари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 604  мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 342 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, жаҳонда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида бачадон саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради.

Globocan маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 1863 нафар аёлда бачадон бўйни саратони аниқланиб, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Ушбу ўлимларнинг аксарияти ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98-99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади.

Бачадон бўйни саратони ҳар қандай ёшдаги аёлларда учрайдиган хавфли ва кенг тарқалган касалликдир. Касалликнинг авж олиши 45-55 ёшга тўғри келади.

Бачадон бўйни саратонининг сабаблари – булар одам папиллома вируслари, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялардир. 21-30 ёшдаги ёшларнинг 80 фоизда учрайди. Одатда вируслар 2-3 йил ичида танани "тарк этади". Вируснинг бачадонда узоқ вақт бўлиши саратон ривожланишига олиб келиши мумкин. Бачадон бўйни саратони тўлиқ олдини олиш мумкин бўлган ягона саратондир. У аста-секин ривожланади. Саратон касаллиги ривожланишига саратон олди касалликлари сабаб бўлади. Уларни ташхислаш ва даволаш учун етарли вақт бор.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.04.2017 йилдаги 2866-сонли қарори билан “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш” Дастури тасдиқланган. Ушбу Дастурда онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг текширувлари ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона маълумотлар базасини (канцер-регистр) шакллантириш, саратон касаллиги профилактикасининг  самарали дастурларини ишлаб чиқиш билан эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш белгиланган.

Эпидемиологик вазият мониторингини олиб бориш мақсадида Вирусология ИТИ ва  Жанубий Кореянинг KOFIH фонди билан ҳамкорликда “Республика ҳудудларида, жумладан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Андижон вилоятлари аёллари ўртасида одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикаси бўйича имкониятларни такомиллаштириш” мавзусида инвестицион пилот лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган ва унда 50000 нафар аёл иштирок этиши мўлжалланган. Мазкур лойиҳа 3 йил мобайнида амалга оширилади.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади аёллар ўртасида одам папиллома вируси келтириб чиқарадиган   касалликларни эрта аниқлаш орқали саратон касаллигининг олдини олиш ва  ОПВнинг юқори онкоген турларини фертил ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиш фоизини аниқлаш билан саратон касаллигининг 2 чи омили, яъни скрининг аҳамиятини  ўрганишдир.

Республикамизда амалга оширилаётган мазкур пилот лойиҳасидан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

  • Ўзбекистонда ОПВ тарқалиши биринчи марта Республика миқёсида ўрганилади.
  • ОПВни текшириш учун 3 та махсус лаборатория яратилади.
  • ОПВ ва бачадон бўйни саратонини эрта ташхислаш бўйча тизим яратилади.
  • ОПВни аниқлаш, саратоннинг олдини олиш ва даволаш бўйича жаҳон стандартига мос стандартлар, амалий қўлланмалар ишлаб чиқилади.
  • ОПВни эрта ташхислаш ва даволаш натижасида бачадон бўйни саратони билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари камаяди.

 

Шу мақсадда республикамизда Вирусология илмий-текшириш институти ва Жанубий Кореянинг KOFIH фонди билан ҳамкорликда  Тошкент шаҳрида 5 та  ,  Андижон вилоятида  3 та ва Самарқанд вилоятида 5 та марказий оилавий поликлиникаларда скрининг жараёнлари давом этмоқда.

Қуйидаги оилавий поликлиникаларда скрининг жараёнлари давом этмоқда: 

  1. Юнусобод тумани марказий поликлиникаси

Манзил: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани-19, Юнус ота кўчаси, (собиқ Т.Захидова), 2.

тел: 71 223-10-81; 71 223-10-80.

  1. Чилонзор тумани марказий поликлиникаси

Манзил: Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 7А.

тел: 71 273-51-99; 71 273-38-19

  1. Мирзо Улуғбек тумани марказий поликлиникаси

Манзил: Тошкент шаҳри, ТТЗ-2.

тел: 71 261-64-60; 71 264-56-15.

  1. Яшнобод тумани марказий поликлиникаси

Манзил: Тошкент шаҳри, Яшнобод кўчаси, Маҳтумқули (собиқ. Таррақиёт), 2.

тел: 71 231-75-08.

  1. Шайхонтоҳур туманидаги марказий поликлиника

Манзил: Тошкент шаҳри, Кўкча дарвоза кўчаси, (Собиқ Маннон Уйғур), 305.

тел: 71 242-06-95.

 

Андижон вилояти учун:

  1. Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси

Манзил: Андижон шаҳри, Машраб кўчаси, 39-уй.

  тел: 74 226-52-34; 74 226-76-98.

  1. Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси 1-оилавий поликлиникаси

Манзил: Андижон шаҳри, Тошкент кўчаси, 50-уй.

тел:74 227-42-74.

  1. Андижон шаҳар ,4-Оилавий поликлиника

Манзил:Андижон шаҳри, Ёрбоши МФЙ, Найман кўчаси 30-уй

            Тел: 74 237-61-47

 

 

 

Самарқанд вилояти учун:

 

1.Самарқанд шаҳар тиббиёт Бирлашмаси,кўп тармоқли поликлиника

Манзил:Самарқанд Буюк кўчаси Ипак йўли 1а

Тел: 90 2506121

2.Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 1-оилавий поликлиника

Манзил: Самарқанд Муллокандова кўчаси, уй -4.

Тел:66 2354224

3.Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 3-оила

поликлиника

Манзил:Самарқанд, Ғиёсиддин Жамшид кўчаси -21 уй

Тел:66 2322366

 

4.Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 9-оилавий поликлиника

Манзил: Самарқанд, Спитамен шох кўчаси 207

Тел:66 2217357

5.Самарканд шаҳар тиббиёт бирлашмаси,2 -чи  оилавий поликлиника

Манзил:Самарканд ш.Орзу Махмудова кучаси  1 уй

Тел:66 2331434; 66 2330522

 

Маълумот ўрнида: Айни пайтгача Тошкент шаҳри ва Андижон вилояти бўйлаб  12 минг нафардан ортиқ аёл скрининг текширувларидан ўтказилди. Текширув натижалари буйича 11 фоиз аёлда вирус аниқланди. Андижон вилоятида аёлларда қайта текширувдан ўтганларнинг 6 фоизида саратон олди касалликлари ва 3 фоизида бачадон бўйин саратони аниқланди.

Тошкент шаҳрида  эса аёлларда  6 фоиз саратон олди касалликлари аниқланди, лекин бачадон бўйин саратони аниқланмади. Скрининг текшириш жараёнида аниқланган ўзгаришлар тегишли шифокорлар томонидан назоратга олиниб, керакли тавсиялар берилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли  ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти сизлардан яратилган имкониятдан фойдаланиб, бепул текширувлардан   ўз вақтида ўтишингизни сўраб қолади!

 

Анжуман мавзу юзасидан савол-жавоблар билан якунланди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.