Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

Республика ҳудудларида одам папилломаси вирусини аҳоли ўртасида тарқалганлигини текшириш ва диагностикасини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ўтказиш масалалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

16 Декабрь 2021

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва Вирусология илмий-текшириш институти томонидан “Республика ҳудудларида одам папилломаси вирусини аҳоли ўртасида тарқалганлигини текшириш ва диагностикасини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ўтказиш масалалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жанубий Кореянинг KOFIH фонди вакиллари, СЭО ва ЖС хизматининг Тошкент шаҳар ва вилоят бошқармалари, илимий марказлар, юқумли касалликлар клиникалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқдалар.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 530 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, жаҳонда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида бачадон саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради.

Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 1700-1800 аёлга бачадон бўйни саратони ташхиси қўйилади. Ҳар йили уларнинг 42 фоиздан ортиғи ҳаётдан кўз юмади. Ушбу ўлимларнинг аксарияти ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98-99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади.

​​

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.04.2017 йилдаги 2866-сонли қарори билан “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш” Дастури тасдиқланган. Ушбу Дастурда онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг текширувлари ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона маълумотлар базасини (канцер-регистр) шакллантириш, саратон касаллиги профилактикасининг самарали дастурларини ишлаб чиқиш билан эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш белгиланган.

Эпидемиологик вазият мониторингини олиб бориш мақсадида Вирусология ИТИ ва Жанубий Кореянинг KOFIH фонди билан ҳамкорликда “Республика ҳудудларида, жумладан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Андижон вилоятлари аёллари ўртасида одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикаси бўйича имкониятларни такомиллаштириш” мавзусида инвестицион пилот лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган ва унда 50000 нафар аёл иштирок этиши мўлжалланган. Мазкур лойиҳа 3 йил мобайнида амалга оширилади.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади аёллар ўртасида одам папиллома вируси келтириб чиқарадиган касалликларни эрта аниқлаш орқали саратон касаллигининг олдини олиш ва ОПВнинг юқори онкоген турларини фертил ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиш фоизини аниқлаш билан саратон касаллигининг 2 чи омили, яъни скрининг аҳамиятини ўрганишдир.

​​Матбуот анжуманида амалга оширилаётган пилот лойиҳасидан кутилаётган натижалар ҳақида ҳам сўз борди.

Республикамизда амалга оширилаётган пилот лойиҳасидан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

  • Ўзбекистонда ОПВ тарқалиши биринчи марта Республика миқёсида ўрганилади.
  • ОПВни текшириш учун 3 та махсус лаборатория яратилади.
  • ОПВ ва бачадон бўйни саратонини эрта ташхислаш бўйча тизим яратилади.
  • ОПВни аниқлаш, саратоннинг олдини олиш ва даволаш бўйича жаҳон стандартига мос стандартлар, амалий қўлланмалар ишлаб чиқилади.
  • ОПВни эрта ташхислаш ва даволаш натижасида бачадон бўйни саратони билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари камаяди.

Шу мақсадда республикамизда Вирусология илмий-текшириш институти ва Жанубий Кореянинг KOFIH фонди билан ҳамкорликда Тошкент бўйлаб 6 қуйидаги оилавий поликлиникаларда скрининг жараёнлари давом этмоқда:

  1. Юнусобод тумани марказий поликлиникаси;
  2. Чилонзор тумани марказий поликлиникаси;
  3. 2- сонли Тошкент марказий поликлиникаси;

4.Мирзо- Улуғбек тумани марказий поликлиникаси;

  1. Яшнаобод тумани марказий поликлиникаси;
  2. Шайҳонтохур тумани марказий поликлиникаларда бачадон бўйни саратонига скрининг текширувлари ўтказилмоқда.

Рўйхатда турган 30 ёшдан 49 ёшгача бўлган барча аёллар ББР (бачадон бўйни саратони) га бепул текширилди.Тошкент шахрида 6000 нафардан ортиқ аёллар скрининг текширувларидан ўтишди.

Текширув натижалари буйича 11,7 фоиз аёлларда, вирус аниқланди, шу аёлларнинг кейинги текширувлари январь ойидан бошланади.

Скрининг текшириш жараёнида аниқланган ўзгаришлар тегишли шифокорлар томонидан назоратга олиниб, керакли тавсиялар берилмоқда.

Анжуман мавзу юзасидан савол-жавоблар билан якунланди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.