Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза ТОҲИРОВА билан суҳбат.
— Аҳоли орасида қандли диабет кенг тарқалаётганининг сабаби нимада? Хасталикнинг илк белгилари қандай намоён бўлади?
— Қандли диабет хасталигининг бош сабаби соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик ҳисобланади. Жумладан, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик сабабли ривожланадиган ортиқча семизлик қандли диабетга бўлган мойилликни оширади. Диабет белгилари унинг турига қараб фарқланади.
Касалликнинг асосий белгилари қуйидагилар: доимий чанқоқлик, кунига уч литрдан кўп суюқлик ичиш, ҳожатхонага тез-тез эҳтиёж сезиш, иштаҳа очилса-да вазн камайиши, яраларнинг секин битиши, доимий чарчоқ ва хотиранинг пасайиши. Айрим инсонларда оёқлар оғриғи кузатилиши мумкин. Касалликнинг дастлабки белгилари кузатилгандаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак. Ҳар бир киши ўзининг танаси вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслиги лозим бўлади.
— Халқимизда кучли қўрқувдан қандли диабет келиб чиқади деган гап бор. Бу илмий исботланганми?
— Агар инсонда қандли диабетга мойиллик бўлса ва у кучли қўрқувни бошдан кечирса, бу инсонда қандли диабет бўлиш эҳтимоли бор. Инсон ҳаётда яшар экан, турли кутилмаган воқеаларга дуч келади, турли синовларни бошдан ўтказади. Сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, уйқусизлик, гипертония касаллиги ҳамда айрим дори препаратлари (никотин кислота, глюкокортикоидлар, тиреоид гормонлар) қандли диабет касаллиги пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди.
Ҳаёт давомида меъёрдан ортиқ овқат истеъмол қилиш ва энергияни сарф қилмаслик натижасида организмда энергия баланси бузилади. Одатдагидек сарф бўлмаётган энергия организмда гликоген ва ёғлар кўринишида тўпланиб боради. Бу жараён кучайиб боргани сари организмда инсулинга сезувчанлик камайиб боради ва бу ҳолат углеводлар алмашинуви бузилишига олиб келади.
Яъни, 2-тур қандли диабетнинг пайдо бўлиши ижтимоий ҳолатга эмас, балки камҳаракатлик, нотўғри ва тартибсиз таомланишга боғлиқ.
— Қандли диабети бор инсонларда коронавирус инфекциясининг оғир кечишининг сабаби нимада? Бу хасталик иммунитет тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказадими?
— Қандли диабети бўлган инсонлар турли хил инфекцияларга мойил бўлади. Сабаби шакар микроблар учун озуқа моддаси ҳисобланади. Агар қандли диабети бор бемор қонида глюкоза кўп бўлса, коронавирус ушбу беморларда оғир кечади. Сабаби касалликда кузатиладиган «ситокинлар ҳужуми» учун шакар қувват манбаидир. Айниқса, тана вазни ортиқча бўлган қандли диабети бор инсонларда коронавирус оғир кечади.
Қандли диабетга чалинган беморлар коронавирусдан даволаниш баробарида, диабетни ҳам даволашда давом этиши лозим. Сабаби коронавирус жараёнида қанд миқдори ошиб кетса, бу оғир асоратларга олиб келади.
Текширувлар натижасида шу нарса аниқ бўлдики, коронавирус юққан пайтда иммунитетни сунъий равишда ошириб бўлмайди. Аммо витамин Д, С, Цинк ва магний каби витаминларни қабул қилиш тавсия этилади. Бу дорилар коронавирусни даволамайди, лекин улар иммунитетни бир маромда ушлаб туришга хизмат қилади. Одам организмида иммунитет меъёрда бўлиши учун бу витаминлар керак бўлади.
— Қандли диабет наслдан наслга ўтадими? Агар шундай бўлса, олдини олиш чораси борми?
— Қандли диабетнинг иккинчи тури наслдан наслга ўтади. Мойиллиги бор инсонлар ушбу хасталикка умрбод чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари зарур бўлади.
— Ушбу хасталик билан оғриган беморлар узоқ умр кўриши учун нималарга эътибор қаратишлари лозим бўлади?
— Энг аввало, қандли диабет билан оғрийдиган бемор ҳар ярим йилда стационар шароитда даволаниб туриши керак. Қандли диабет касаллигининг даво чоралари кўп. Бемор доимий равишда парҳезда бўлиши, қанд пасайтирувчи воситаларни истеъмол қилиб бориши, жисмоний фаолликни ошириши зарур. Диабетга чалинган кишиларда ёшидан қатъи назар, у ёки бу даражада жисмоний юклама бўлиши лозим.
Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрида юрсагина қандли диабетнинг асоратларининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкин. Акс ҳолда стационар даволаниш ҳам бу касалликда ёрдам бера олмайди. Бемор йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтиши, умумий қон, умумий пешоб ва биокимик таҳлилларни ўз вақтида ўтказиши зарур.
— Қандли диабет билан касалланган беморлар қайси мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда даволанади? Одатда ташхис қандай қўйилади?
— Қандли диабет билан касалланган беморлар, авваламбор, эндокринолог назоратида бўлиши лозим. Эҳтиёж бўлганда кардиолог, невропатолог, нефролог, хирург мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда даволаниш чораларини кўриши керак.
Бемор билан суҳбатда бўлган шифокор шубҳали белгиларни сезса, оч қоринга бармоқдан қон олиш (қандли диабетга), глюкоза учун пешоб таҳлили, қондаги инсулин ва гликозил гемоглабин даражасини аниқлашга киришади. Қандли диабет белгиларини аниқлаш учун ушбу текширувлар етарли.
Агар диабетнинг аниқ белгилари бўлмаса, лекин сиз хавф гуруҳида бўлсангиз, йилда бир марта қандли диабетга қон топширинг. Соғлом одамлар эса бундай текширувдан уч йилда бир ўтишлари керак.
— Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун нималарга аҳамият қаратган афзал?
— Беморлар нафақат қонда қанд миқдорининг балансига, балки липидлар миқдорига, қон босимининг меъёрда бўлишига ва қоннинг қуюқлашмаслигига эътибор қаратишлари лозим. Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш – тўғри овқатланиш, серҳаракат бўлиш, шифокор назоратида бўлиб, дори воситаларни мунтазам қабул қилиш тавсия этилади.
— Аҳоли орасида тарқалган қандли диабетнинг қайси турлари хавфли? Ушбу хасталикка чалинмаслик учун қандай профилактик чораларга жиддий аҳамият беришлари талаб этилади?
— Қандли диабетнинг бир неча турлари фарқланади, аҳоли орасида қандли диабетнинг 2-тури кўпроқ тарқалган. Хавфлиси 1-тури ҳисобланади. Сабаби у кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида даволаш чоралари кўрилиб, назоратга олинмаса, кома ҳолатига олиб келиши мумкин. Кенг тарқалган 2-турининг эса олдини олса бўлади. Агар инсонда диабет олди ҳолат кузатилса, метформин дори воситасини қабул қилиш тавсия қилинади.
Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланади.
Инсоннинг табиий ширинликка бўлган эҳтиёжини беморлар қанд ўрнини босувчи воситалар ёрдамида қондириши мумкин. Улар ширинликсиз тура олмайдиган инсонларга тавсия этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.