Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Бугун коронавирус инфекцияси бўйича аҳолидан тушган саволларга ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб беради.
— Отам 68 ёшда, мунтазам қон босимлари ошиб туради, короновирус артериал гипертонияси бор инсон учун қанчалик хавфли?
— Гипертония — қон томирларининг нерв-функционал фаолияти бузилиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Бу касаллик асосан 40 ёшдан катталарда учрайди, лекин сўнгги йилларда ёшларда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Бу дарддан аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир хил азият чекишади.
Гипертония юрак-қон томир тизими касалликлари билан хасталанган кишиларнинг ўлимига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, гипертония сайёрамиздаги ногиронликнинг асосий сабабларидан биридир. Статистик маълумотларга кўра, қон босими ошганда биринчи ёрдам кеч кўрсатилса, беморларнинг аҳволи жуда оғирлашиши, ҳатто ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.
Артериал гипертония билан касалланган беморлар жуда тез ва оғир пневмонияни ривожлантирадиган биринчи рақамли хавф гуруҳига киради.
Сурункали юрак етишмовчилиги бор беморларда короновирусли пневмония ва инфекция, ҳамроҳ касаллиги йўқ беморларга нисбатан оғирроқ кечади.
Бу беморлар ўзларида короновирус касаллигига хос бирор клиник белгиларни сезсалар, дарҳол ҳуддудий шифокорларга мурожаат этишлари шарт.
Улар уй шароитида ўз-ўзини даволаш билан шуғулланишлари ман этилади. Чунки уларда тезда пневмония ривожланиши ва унинг оғир кечиши кузатилиши мумкин.
Кўп давлатларнинг барча изланишлари ва кузатувлари шуни кўрсатдики, короновирус пневмониясидан вафот этганларнинг 50 фоизида артериал гипертония касаллиги бўлган.
Шунинг учун юрак қон-томир патологияси, қон босими ҳамда юрак етишмовчилиги бор беморлар ҳудудий поликлиникаларида диспансер назоратда бўлишлари, ўзларида ўзгаришлар сезсалар, шу заҳоти шифокорга мурожаат этишлари, жамоат жойларига зарурат бўлмасабормасликлари, имкони бўлса уйдан ишлашлари, ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмасликлари, вақти-вақти билан қон босимларини ўлчатиб туришлари ва шифокор тавсия этган даво муолажаларини вақтида олиб туришлари зарур.
Даволаш пайтида беморлар ҳар қандай стресс ёки ҳиссий зўриқишдан йироқ бўлгани маъқул. Беморлар очиқ ҳавода: сувлар атрофида, боғда сайр қилишлари тавсия этилади.
Тўғри овқатланиш гипертонияни муваффақиятли даволашда муҳим ҳисобланади.
— Ёшим 25да, 3 ой олдин турмушга чиққанман. Тўйимдан олдин короновирус билан касалландим. Шу давргача ҳомиладор бўлмаяпман. Қариндошлар бунинг сабабини короновирус асоратидан деб айтишди. Бу қанчалик тўғри?
— Ҳозирга қадар коронавирусга чалинган беморларда бепуштлик ривожланиши исботланмаган. Бу нотўғри фикр.
Сизни бирор бир тизимингизда (организмингизда) шикоятингиз бўлса, ҳудудий шифокорга мурожаат этишингизни тавсия қиламиз.
— Ҳозирда короновирусдан даволаняпман. Мендан прон-позицияда ётишимни талаб қилишди. Шу хақида гапириб беринг. Короновирусда унинг нима аҳамияти бор?
— Коронавирусда ўпканинг орқа, пастки, айнан орқага ёпишиб турган қисмлари шикастланади. Бемор қоринга ётганида ёки бу ҳолатга максимал яқинлашганида орқанинг кучлироқ мушаклари ишлай бошлайди. Ҳар бир нафас тўлиқроқ бўлади, танага кирадиган кислород миқдори ортади.
Прон-позиция оксигенацияни яхшилайди ва ҳаттоки оғир беморларда ўлим хавфини камайтиради.
Бунинг учун қоринда ётиш кифоя. Ўпканинг зарарланган қисмларида фаолроқ ҳаво алмашади. Ўпка альвеолаларига ушбу даврда босим камайганлиги сабабли, улар очилиб ҳаракатлана бошлайди. Иккала томоннинг очилган алвеолалари интерстициал бўлимларни сиқади — тўлган суюқлик тезда тўқималарни тарк этади.
Шундай қилиб, прон-позиция — бу бир вақтнинг ўзида ҳам енгиллаштирувчи ҳолат ва нафас гимнастикаси ҳамдир. Беморнинг аҳволини енгиллаштириши сабабли у касаллик пайтида зарур, маълум даражада тўқималарда шишишлар тарқалишининг олдини олади.
Реабилитация даврида прон-позиция зарарланган сегментларнинг фаол нафас олишига ёрдам беради. Бу ўпканинг тўлиқ тикланишига ва фиброз ўзгаришларнинг намоён бўлишини камайтиришга имкон беради.
Прон-позиция ва нафас машқлари касалликдан сўнг камида уч ойгача жуда муҳимдир.
— Қизим короновируснинг оғир тури билан туғруқ комплексида даволаняпти. Кеча фарзандли бўлди. Болани кўкрак сути боқиш фойдали экан, лекин қизимнинг бунга ҳоли йўқ. Янги туғилган болани қандай қилиб озиқлантириш мумкин?
— Онанинг умумий аҳволи оғир бўлган ҳолларда, боласини парвариш қилишга ёки эмизишни давом эттиришга имкони бўлмаса, кўкрак сутини соғиш тавсия этилади.
Инфекция юқишининг олдини олиш чоралари кўрилиши керак. Оналар ушбу процессда ниқобдан фойдаланишлари, уни ишлатишдан олдин ва кейин қўл гигенасига риоя қилишлари, шунингдек она тегизган юзаларни мунтазам тозалаб, дезинфекция қилишлари тавсия этилади.
Агар онанинг умумий аҳволи оғир бўлса, кўкрак сути билан эмиза олмаса ёки кўкрак сутини соға олмаса, унда она сутининг ўрнини босувчи мос маҳсулотлар билан озиқлантириш мумкин.
— Короновирус аломатларини энди сезаётган бемор қайси лаборатор диагностика усулидан ўтиши керак? Қайси усул ишончли? ПЗР ёки экспресс?
— Коронавирус инфекциясига текширувдан ўтиш учун аввало шифокор кўригидан ўтиш керак. Шифокор кўригидан ўтган кишида касаллик аломатлари бўлса ва эпидемиологик кўрсатма берилса, уни коронавирусда гумон қилиб текшириш мумкин.
ПЗР — Полимераза занжир реакция. Бунда юқори нафас йўллари шиллиқ қаватидан олинган намунада коронавируснинг генетик материали (РНК) бор ёки йўқлиги аниқланади. Намуна олиш нисбатан тез ва оғриқсиз кечади.
Бу анализ касалликнинг инкубацион (яширин) даврида ҳам ижобий натижа олиш ва барвақт ташхис қўйиш имконини беради. Вирус организмга кирганига 5-7 кун бўлгандан бошлаб мусбат натижа олиш мумкин. ЖССТ бу усулни COVID-19 диагностикасининг асосий усули сифатида тавсия қилган.
Антитела экспресс тест — бу усул COVID-19 касаллигининг кечиш даражасини аниқлаб берувчи қўшимча текширув усули ҳисобланади. Бунда бемордан олинган қон намунасида коронавирусга қарши организмда ишлаб чиқарилган антитаначалар, яъниIgM ёки IgG иммуноглобулинлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мумкин.
Иммуноглобулинлар — оқсил табиатли моддалар бўлиб, гуморал иммунитетнинг вирусларга жавоб реакцияси натижасида ҳосил бўлади: IgM миқдори қонда касалликнинг эрта даврида ортади.
IgG миқдори эса қонда бироз кечроқ намоён бўлади. IgG мавжудлиги бизга COVID-19га қарши иммунитет бор ёки йўқлигини ҳам аниқлаб беради.
Хулоса қиладиган бўлсак, экспресс тестлар орқали касалликнинг инкубацион даврини аниқлаб бўлмайди. ПЗР усулида эса вирусга нисбатан организмда иммунитет бор ёки йўқлигини аниқлаб бўлмайди. Касаллик белгилари мавжуд бўлган беморлар учун ҳар икки усул ҳам самарали.
— Короновирус юқтириб, шифокор тавсияси билан уйда даволаняпман. Кеча бошим айланиб ҳушимдан кетдим. Короновирус касаллигида бош айланиб ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатиладими?
— Ушбу ҳолатлар короновирус касалигига хос эмас. Лекин ушбу касалликда мавжуд бўлиши мумкун бўлган асоратлари бу ҳолатга сабаб бўлиши мумкун.
Бош айланиш ва ҳушдан кетиш ҳолатлари асосан беморқон босими тушиб кетиши, камқонлик ёки юрак ритмининг бузилиши натижасида юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожат қилишингиз лозим.