Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва бошқа ходимларга 6 фоизлик кунлик қўшимча тўлови ўрнига ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари амалга ошириладиган лавозимлар рўйхати тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра:
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга ихтисослашган махсус поликлиникалардаги:
врач ҳодимларига 2,5 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига 1,5 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига 1 миллион сўм, бошқа ходимларга 500 минг сўм;
Тез тиббий ёрдам бригадалари, ихчамлаштирилган тез тиббий ёрдам мобил бригадаларидаги: врач ҳодимларига 2,5 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига 1,5 миллион сўм, ҳайдовчиларга 500 минг сўм тўланади.
Ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари тез тиббий ёрдам бригадаларида фаолият кўрсатиб келаётган тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчиларнинг бир штат бирлиги (ставка) ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Агар ходим бир ставкадан кам ишлаётган бўлса унга қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари ҳақиқатда бажарган иш ҳажмидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 июлдаги қарорига асосан, ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадаларини ташкил этишнинг вақтинчалик меъёрлари қуйидагича тасдиқланди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда туман ва шаҳар марказларида суткалик ҳақиқий чақириқлар сони 16 тадан ошганда кейинги ҳар 16 та чақириққа битта ихчамлаштирилган тез тиббий ёрдам мобил бригадаси ташкил этилади. Шунда ҳақиқий чақириқлар сони 32 тага чиққанда битта, агар 48 тага етса, иккита ихчамлаштирилган тез тиббий ёрдам мобил бригада ташкил этилади.
Мазкур меъёр туман(шаҳар)лардаги олис ва чекка ҳамда аҳоли тарқоқ бўлган ҳудудларида суткалик ҳар 12 та чақириқдан ошганда, Тошкент шаҳри ҳудудида суткалик ҳар 14 та чақириқдан ошганда амал қилади.
Ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадалари сонини қўпайтириш ёки камайтириш ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органлари томонидан ҳар бир туман ёки шаҳардаги эпидемиологик вазиятдан, чақирувлар сони ва мавжуд ресурслардан келиб чиқиб белгиланади.
Ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадаларга туну-кун навбатчилик учун бир нафар тиббиёт ходими (врач ёки ҳамшира-фельдшер) лавозимлари (4.75 та штат бирлигида) ва бир нафар ҳайдовчи (4.5 та штат бирлигида) ажратилади.
Чақирувлар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳар 15 кунда қайта кўриб чиқилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.