Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Қандли диабет – организмда инсулин етишмовчилиги натижасида қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши билан кечадиган моддалар алмашинуви касаллигидир. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар эндокринологияси бўлими мудири, олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза АЗИМОВА билан болаларда учрайдиган қандли диабет ҳақида суҳбатлашдик.
— Қандли диабет хавфли эндокрин касалликлардан бири ҳисобланади. Ёш болаларда, ҳаттоки, чақалоқларда ҳам қандли диабетнинг кўпайиб бораётганининг сабаби нимада? Илк белгилари болаларда қандай намоён бўлади?
— Ҳақиқаттан ҳам сўнгги йилларда бу касаллик ёшариб бормоқда. Оғир касалликнинг болаларда ҳам учраётгани, албатта, бизни ҳам ташвишлантиради. Болаларда қандли диабетнинг асосан 1-тури учайди. Хасталикнинг ушбу тури болалар ва ўсмирлар орасида энг кўп тарқалган эндокрин касаллик ҳисобланади. Бу дард билан касалланиш даражаси маълум бир ирқий гуруҳга оидлик, мамлакатнинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари ва атроф-муҳит омилларига, хусусан, овқатланиш ҳолатига қараб сезиларли фарқ қилади. Охирги ўн йил ичида эпидемиологик тадқиқот натижаларига кўра, қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиш, айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ортиб бормоқда. 1-тур қандли диабет — аутоиммун касаллик бўлиб, атроф-муҳитдаги патогенетик омиллар (токсин, вирус) панкреатин бета-ҳужайраларни шикастлайди. Бета-ҳужайраларнинг 70-80 фоизи шикастлангандан кейин хасталикнинг клиник манзараси намоён бўлади.
Организмда инсулин етишмовчилиги кузатилгани учун беморларда кўп пешобга чикиш, суюқликни кўп миқдорда ичиш, ҳолсизлик, озиб кетиш каби илк белгилар кузатилади. Агар ўз вақтида ташхис ва даво чоралари кўринмаса оғир асоратларга олиб келиши мумкин. 1 ёшгача бўлган болалар ва чақалоқларда турли асосий касалликлар сабабли қанд миқдорининг кўтарилиши ёки гиппергликемик синдром кузатилади. Қандли диабетнинг 1-турини даволаш парҳез сақлаш, жисмоний ҳаракатлар ва инсулинотерапиядан иборатдир.
— Қандли диабетнинг 1-тури наслдан-наслга ўтадими?
— Болаларда учрайдиган қандли диабетнинг 1-тури ўткир кечади. Ота-онадан ҳам шифокордан ҳам бу даврда катта маъсулият билан ёндашишни талаб қилади. Тезкор ташхислаш ва шу йўсинда даволаш боланинг аҳволини яхшилайди. Қандли диабетнинг 1-тур аутоиммун касаллик бўлганлиги учун наслдан-наслга ўтади.
— Қандли диабетга чалинган болаларда унинг асоратлари қоладими?
— Бола организми учун қандли диабет ўткир ҳолат ҳисобланса-да, агар ота-она ва бола қатъий парҳезга амал қилса, жисмоний фаол бўлса ва доимий ҳолатини назорат қилиб борса, касалликнинг кечги аломатли олди олинган бўлади. Бунинг учун доимо шифокор назорати остида бўлиш зарур.
Агар акси кузатилса, кўз, буйрак фаолиятида бузилиш кузатилади. Майда ва катта қон томирларидаги асоратлар билан бирга бўй ўсмаслиги ва жинсий ривожланишнинг орқада қолиш ҳолатлари кузатилади. Ушбу белгилар қандли диабетнинг кечги асоратларидан ҳисобланади.
— Қандли диабетга чалинган фарзандларнинг ота-онаси, асосан, нималарга эътибор қаратиши керак?
— Фарзандига қандли диабет 1-тур ташхиси қўйилган ота-оналар дастлаб махсус мактабларга, яъни диабет: ўз-ўзини назорат қилиш мактабларида таълим олишларига шароит яратиши шарт. Бундай мактаблар ҳар бир вилоят эндокрин диспансерлари қошида очилган ва фаолият олиб бормокда. Қандли диабет билан касалланган болаларнинг тўғри овқатланиши жуда муҳим саналади. Чунки истеъмол қилинадиган маҳсулотнинг таркиби ва қандай тайёрланганлиги қондаги қанд миқдорининг ўзгаришига сабаб бўлади. Шунинг учун бемор ва унинг яқинлари истеъмол қилинадиган маҳсулот таркибини билиши лозим. Диабетик болалар ўз-ўзини назорат қилиши, гипогликемия ва кетоатседозга шубҳа қилинганда қондаги глукозани аниқлашни билиши керак.
Бола яхши ўсиб улғайиши учун лозим бўлган оқсил, ёғ, углевод, витамин ва микроэлементлар кундалик рационга киритилади. Углеводларни истеъмол қилишда уларнинг гликемик индексига эътибор берилади. Гликемик индекси паст бўлган маҳсулотлар (дуккаклилар, сули, сабзавотлар) қондаги қанд миқдорини секин кўтаради. Диабет билан оғриган болалар кун давомида 5-6 маҳал овқатланиши, жумладан, 3 маҳал асосий овқатланиш ва оралиқ вақтда қўшимча овқатланиш тавсия этилади. Парҳезга риоя қилинганда қондаги қанд миқдорининг кескин ортиши ва шу билан бирга, қанднинг турли аъзо ва тўқималарга ножўя таъсири олди олинади, қабул қилинаётган инсулин дозасини коррекциялаш осон бўлади. Шунинг учун болалар ва уларнинг ота-оналари истеъмол қилинаётган углеводларни ҳисоблашни билишлари лозим.
Спорт – диабетик болалар ҳаётининг ажралмас қисми бўлиши лозим. Жисмоний фаоллик организмдаги қанднинг ўзлаштирилишини яхшилаш билан бирга, касалликда турли асоратлар ривожланишининг ҳам олдини олади. Спорт тури шифокор тавсиясига кўра, бола ёши, касаллик даражасини инобатга олган ҳолда белгиланади. Кўпинча енгил атлетика, гимнастика, сузиш тавсия этилади. Касаллик узоқ давом этганда барча аъзоларда ўзига ҳос ўзгаришлар юзага келади: юрак ва қон томирлардаги, кўздаги, буйраклардаги, нерв системасидаги ўзгаришлар инфекцион асоратлар, жароҳатларни қийин битиши кабилардир.
— Ушбу хасталикка қарши замонавий тиббиётда қандай самарали даво чоралари бор?
— Ҳозирда замонавий тиббиётда қандли диабетнинг 1-тур даво чораси сифатида – инсулин помпа терапияси ўтказиш яхши самара бермоқда.
Бу даво тури юқори технологик жараён асосида организмга инсулин гармонининг бир меъёрда бериб турилишини ва қанд кўрсатгичларининг назоратда бўлинишини таъминлайди. Диабетнинг 1-туридан бутунлай даволаниб бўлмайди, лекин баъзи ҳолларда без фаолиятини меъёрда ушлаб туриб, парҳезга амал қилинса, касаллик беморни ортиқча безовта қилмайди. Доимий равишда сунъий инсулин қабул қилиш талаб этилади. Инсулин ошқозон-ичак трактида парчаланиб кетиши боис, у фақат инекция орқали овқатланиш вақтида киритилади. Қатъий парҳезга амал қилиб, овқат рационидан енгил ҳазм бўлувчи углеводларни (шакар, ширинликлар ва мевали шарбатлар) бутунлай чиқариб ташлаш керак бўлади.
Диабетни биринчи ҳамда иккинчи турининг чидамли шаклларини бутунлай даволашнинг имкони йўқ. Лекин доимий назорат остида бўлган ва шифокор тавсияларига амал қилинган ҳолда касаллик асоратларининг олдини олиш ёки бутунлай чеклаш мумкин. Зеро касалликни ўзи эмас, асоратлари хавфли ҳисобланади.
Энг муҳими, қандли диабет болада енгил ўтиши учун фақат чиниқтириш лозим. Соғлом турмуш тарзи, турли хил спорт турлари билан шуғулланиш, компьютердан меъёрида фойдаланиш, шу билан бирга, эмлаш жараёнларини ўз вақтида олишга ҳаракат қилиш зарур.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.