Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМЛАРИНИ МАЛАКА ТОИФАЛАРИГА ЭГА БЎЛИШИНИНГ ҚАНДАЙ АФЗАЛЛИКЛАРИ БОР?

29 Сентябрь 2020

Шифохонага борган ҳар бир бемор ўзини малакали шифокор даволашини истайди. Эл орасида ҳурмат-эътиборга эга шифокорларимиз кўп. Лекин шифохонага илк бор қадам қўйган киши мутахассиснинг тажрибаси, билимию малакаси ҳақида қайдан маълумотга эга бўлиши мумкин? Ихтисослашган малака тоифаларига эга бўлишнинг қандай афзалликлари бор? Бу жараён қандай ташкиллаштирилади? Шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика маркази директори Аҳрор Ярқуловга юзландик.

Ахрор Яркулов

— Малака тоифаси нима? Уни олишда шифокорларга қандай манфаат бор?

— Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифасини берувчи ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари шундай муаммоларни ҳал қилади. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тизими тиббий хизмат сифати ва мутахассисларнинг ўз устида ишлаши, соҳа бўйича билим ва тажрибаларини чуқурлаштириб боришига имкон беради. Бу барча давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларида ишлайдиган шифокорлар учун бир хил стандартларда амалга оширилади.

Мутахассислар иккинчи малака тоифасига эга бўлиш учун 5 йилдан 7 йилгача, биринчи тоифага эга бўлиш учун 7 йилдан 10 йилгача, олий малака тоифасига эга бўлиши учун 10 йил ва ундан ортиқ иш стажларига эга бўлишлари талаб қилинади. Олий таълимни тамомлаган ёш мутахассислар эса учинчи малака тоифасини олишлари мумкин. Шунингдек, сўнгги йилларда киритилган ўзгартиришларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт фанлари доктори ва тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган ёки чет элдан келиб ишлаётган врачларга истисно тариқасида бир поғона юқори малака тоифаси берилиши белгиланган.

— Малака тоифасига эга бўлган мутахассисларга моддий рағбат ҳам кўзда тутилган...

— Албатта. Мутахассисларга малака тоифаларини беришдан асосий мақсад тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлашдир. Олий малака тоифасини олган шифокорнинг асосий ойлигига 30 фоиз қўшимча тўлов, биринчи малака тоифаси берилган мутахассиснинг асосий иш ҳақига 20 фоиз қўшимча тўлов ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг асосий иш ҳақига 10 фоиз қўшимча тўлов тўланади. Бу эса тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун нафақат моддий, балки маънавий рағбатлантириш ҳам ҳисобланади. Учинчи малака тоифаси олган ходимларнинг асосий иш ҳақига қўшимча тўлов тўланмаса-да, улар хусусий тиббиёт муассасасига ишга кириш ҳуқуқига эга бўлиш билан биргаликда, яхшигина маош олиш имкониятини қўлга киритади.

Шу жиҳатларни ўйлаб, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 3 июндаги баёнига кўра, карантин даврида муддати тугайдиган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига тегишли малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатларнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилган эди. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қабул қилинган ушбу қарор жуда тўғри бўлди. Шунга кўра, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг тегишли малака тоифасига боғлиқ бўлган барча турдаги тўловлар мазкур тартибдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб тўланиши таъминланди. Бу мутахассисларимиз учун карантин даврида яхшигина кўмак бўлди, деб айта оламиз.

— Пандемия сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва худудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузуридаги тиббиёт ва фармацевтика комиссиялари фаолияти тўхтатилган эди. 1 октябрдан яна йўлга қўйиладиган бўлса, мурожаатлар ҳам анча-мунча бўлса керак...

— Фикрингиз тўғри. Чунки карантин даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва худудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузуридаги ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари фаолияти тўхтатилганлиги учун тиббиёт ва фармацевтика ходимлари хужжатлар топшириш ва аттестациядан ўтиш имкониятини йўқотди.

Шу сабабли, иккинчи малака тоифаси бор 1,5 минг нафарга яқин мутахассислар навбатдаги биринчи малака тоифасини олиш, шунингдек, биринчи малака тоифаси мавжуд бўлган 1 минг нафарга яқин тиббиёт ва фармацевтика ходимлари навбатдаги олий малака тоифасини олиш имкониятидан махрум бўлди.

Ундан ташқари, карантин эълон қилинган вақтдан то ҳозиргача бўлган давргача ёки ўтган 6 ойдан ортиқроқ муддатда умуман малака малака тоифаси бўлмаган, аммо иш стажига 5 йил тўлган ва лозим бўлган иккинчи малака тоифасини олиш истагида бўлган мутахассислар, шунингдек, тиббиёт олийгоҳларини тамомлаган иккинчи малака тоифаси олиш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган 400 нафардан ортиқ мутахассислар учун хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш ҳуқуқини берувчи учинчи малака тоифасини олиш имконияти ҳам йўқолди.

Ҳар йили ўртача 10 минг нафарга яқин мутахассислар, биринчи ярим йилда эса ўртача 5,5 минг нафарга яқин врач ва фармацевтлар аттестациядан ўтиб, малака тоифасига эга бўлар эди. 2020 йили эса эълон қилинган карантин муддатигача атиги 1,5 минг нафарга яқин врач аттестациядан ўтишга улгурди. Шунинг учун ихтисослаштирилган аттестация комиссияларининг фаолиятини давом эттиришга рухсат берилгани жуда тўғри бўлди, деб ҳисоблайман.

— Бу шароитда карантин талабларини таъминлаш масаласи қандай ҳал қилинади?

— Албатта, карантин чоралари юмшатилган бўлса-да, хавфсизлик талаблари тўлиқ бажарилиши шарт эканлигини, нафақат комиссия аъзолари, балки аттестациядан ўтувчи ҳар бир талабгор тўғри тушунади ва бунга амал қилади, деган умиддаман. Ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари йиғилишлари ўтадиган тиббиёт муассасалари раҳбарлари бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга масъул ва бунинг уддасидан чиқадилар, деб ўйлайман.

Барча тиббий ихтисосликлар кесимида аттестация ўтказиладиган кунлар графиги ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳар ҳафта шанба куни алоҳида йўналишдаги тўрт турдаги ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари йиғилишлари турли жой ва манзилда жойлашган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида ўтказилиши режалаштирилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар бир мутахассисликлар бўйича гуруҳлар ташкил қилиниб, уларнинг имтихон вақтларини турли соатларда белгиланишини мўлжаллаганмиз.

Шундай бўлса-да, фавқулодда ҳолатлар учун ҳам тайёргарлик кўриб қўйганмиз. Агар карантин чоралари яна қатъийлашадиган бўлса, ишимизни онлайн тартибда давом эттириш режа ва дастурлари ишлаб чиқилган.

— Малака тоифаси бериш бўйича миллий ва халқаро тажриба ўртасида қандай фарқлар бор?

— Мамлакатимизда 75 минг нафардан ортиқ шифокор бўлса, улардан 48,1 фоизи малака тоифасини олишга муваффақ бўлган.

Аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш — биз учун энг мақбул йўл. Шу мақсадда малака тоифалари қаторига учинчи тоифани киритдик. Иккинчи малака тоифасини олиш учун 5 йилдан 7 йилгача ишлаш керак. Тиббиёт олий ўқув юртларини тамомлаган иккинчи малака тоифаси олиш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган кадрлар учинчи малака тоифасини олиши мумкин. Бу эса уларга хусусий секторда иш бошлашларига қўл келади. Бу тажриба бошқа мамлакатларда йўқ.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, малака тоифасини олиш учун тиббиёт ва фармацевтика ходимлари махсус тайёргарлик кўради, авваламбор, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, унинг филиаллари ва тиббиёт олий ўқув юртларидаги, шунингдек, ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларидаги малака ошириб, узлуксиз касбий тиббиёт таълимида тўпланадиган кредитлар ҳажмини йиғади, ўзларининг назарий билимлари ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди.

— Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш бўйича қандай ижобий ишлар амалга оширилмоқда?

— Марказимиз энг замонавий компютер қурилмалари билан жиҳозланган. Барча маълумотлар электрон тизимга бирлаштирилган. Электрон дастурлар билан боғлиқ 12 та патентга эгамиз. Бу борада кўплаб ташкилотлар ва давлат идоралари ҳавас қилгулик натижаларга эришганмиз, деб бемалол айта оламан.

Бундан ташқари сўнгги икки йилда аттестациядан ўтказиш ва малака тоифаларини бериш жараёнига қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан,
ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузуридаги аттестация комиссияларига 1-малака тоифасини беришга ҳам рухсат берилди (аввал 3- ва 2-тоифаларни бера оларди); аттестацияга тақдим қилинадиган ҳужжатларни нотариал идоралардан тасдиқлатиш тартиби бекор қилинди; аттестациялар фақат бир босқичда — оғзаки имтиҳон шаклида олиниши белгиланди; зарур иш стажига эга бўлган ходим муассаса раҳбарининг тақдимномаси асосида муддатидан олдин — охирги малака тоифаси берилган кундан бир йилдан кейин аттестациядан ўтиши мумкин бўлди; тизимда фаолият кўрсатаётган тиббиёт фанлари доктори ва фан номзоди илмий даражасига эга бўлган мутахассисларга истисно тариқасида бир даража юқори малака тоифаси берилиши белгиланди; малака тоифасига нолойиқ деб топилган ходимлар 9 ойдан сўнг (аввал бир йил эди) қайта аттестациядан ўтиши белгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.