Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан қайтадан касалланиш мумкинми деган савол пайдо бўлмоқда. Бунга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабековга мурожаат қилди:
– Ушбу саволга жавоб беришдан аввал дунё хамжамиятида бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга эътибор қаратсак мақсадга мувофиқ бўларди, – дейди Н. Отабеков. – Баъзи бир давлатларда ушбу касаллик билан қайтадан касалланиш эҳтимоли борлиги, ҳатто иккинчи марта касалланган беморлар қайд этилганлиги ҳақида маълумотлар учраб турибди. Лекин бугунги кунда аниқ айтишимиз мумкинки, касалликнинг ўнинчи кунидан бошлаб беморда COVID-19га қарши мукаммал иммун тизими шакллана бошлайди. Ўз тасдиғини топган яна бир жиҳат шуки, касалликни оғирроқ бошдан кечирган инсонда шаклланган иммун тизими анча мустаҳкамроқ бўлади.
Қолаверса, дунёда COVID-19 ёппасига қайтадан ҳаммада қайд этилиши тўғрисида биронта ҳам асосланган илмий маълумот йўқ.
COVID-19 янги касаллик бўлиб, уни тўлиқ ўрганиш бўйича изланишлар ҳали охирига етганича йўқ. Аммо касалликни бошдан ўтказган одамда уни ушбу касалликдан кейинчалик ҳам ҳимоя қилишга қодир иммунитет шакллананиши тўғрисидаги асосли маълумотлар кишини қувонтиради.
Агар шу касалликнинг мутацияга учраган вируси билан ёки айнан COVID-19 билан узоқ муддатдан кейин яна рўбарў келадиган бўлсак ҳам, бизнинг иммун тизимимиз хотирасида ушбу касалликка антитаначалар ишлаб чиқарганлигимиз ҳақида ахборот мавжуд бўлади.
Ушбу антитаначалар касаллик билан кураша олади. Демак, одамда COVID-19 иккинчи марта ҳатто қайд этилса ҳам, у жуда енгил кечиши мумкин. Яъни иммун тизими хотирасида антитаначалар ишлаб чиқарилгани ҳақида ахборотнинг борлиги касалликдан тезда соғайиб кетиш эҳтимолини юзага келтиради.
Одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Ҳатто касалликдан кейин хосил бўлган антитаначалар титри кам бўлса ҳам, улар касаллик билан кураша олади.
Аҳоли орасидаги суҳбатлар давомида икки марта COVID-19 билан касалланганлигини таъкидлаётган одамларни ҳам учратиб турибмиз. Агар шу каби ҳолатлар лабораторияда COVID-19 вируси борлиги тасдиқланган тақдирда ҳам, биз бунга битта касаллик билан иккинчи марта касалланди деган фикр билан қарашимиз керак эмас. Буни шу билан изоҳлашимиз мумкинки, касаллик юқтириб олган организм ундан тўлиқ тузалиб улгурмаган ёки лаборатория текширувларида тест системалар билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин.
COVID-19 бир одамда узоқ муддат сақланиб қолиш эҳтимоли йўқ эмаслигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Айтайлик, бемор даво курсини қабул қилиб бўлгач, таҳлил ўтказилганида манфий натижа қайд этилган ва у ўзини соғайган деб ҳисоблаган. Аслида эса тузалмаган. Кейинчалик мусбат натижа қайд этилиши беморда қайтадан касалландим, деган фикрни шакллантирилишига асос бўлиши мумкин.
Шунингдек, COVID-19ни иккинчи марта юқтириб олиш ҳолатига тўлиқ ишониш учун геном даражасида таққослаш ўтказиш керак бўлади. Яъни қуйидаги саволга жавоб топишимиз лозим: беморда касалликни яна айнан ўша вирус чақирдими ёки бошқа бир вирусми? Биринчи ва иккинчи ҳолатда геном (ирсият) даражасида солиштириш ўтказиш орқалигина бемор COVID-19 ни қайтадан юқтириб олди, деган фикрга келишимиз мумкин.
COVID-19 билан рўбарў келганимизга қарийб бир йил бўлаяпти, у тўғрисида кузатувлар ҳали жуда кам. Балки бир муддат ўтгандан сўнг аниқ хулосалар айтишимиз мумкин бўлар. Ёки вақт ўтиши билан иммун тизими кўрсаткичларида ҳам бирмунча пасайиш, сусайиш каби аломатлар кузатилиши мумкин. Балки биз COVID-19 штами билан чақирилган касалликдан кейин тўлиқ турғун иммунитет шакллантирармиз, балки бу йўналишда эмлаш тадбирлари ёрдам берар. Ҳозирча кузатувлар муддати жуда кам. Ҳали ҳосил бўлган иммун тизими неча йилгача давом этиши бўйича аниқ башоратлар қилиш қийин. Лекин шу эпидемик мавсумда бир марта касалланган одам иккинчи марта касалланиш эҳтимоли йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.