Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

ЮРАК-ҚОН ТОМИР КАСАЛЛИКЛАРИ КЕЛИБ ЧИҚИШИНИНГ САБАБЛАРИ НИМАДА, УНИНГ ҚАЙСИ ТУРЛАРИ АҲОЛИ ОРАСИДА КЕНГ ТАРҚАЛГАН?

25 Сентябрь 2020

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Ҳамидулла Тошпўлатов билан суҳбат.

– Дунёдаги хавфли хасталиклар рўйхатида юрак-қон томир касалликлари олдинги ўринда туради. Бунинг асосий сабаблари нимада?

– Дарҳақиқат, ҳозирги кунда аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари билан касалланиш йилдан йилга ортиб бормоқда. Айниқса, ушбу касалликлар оқибатида юзага келадиган ўлим ҳолатлари бўйича юрак-қон томир касалликлари нафақат бизнинг юртимизда, балки бутун дунёда ҳам биринчи ўринда туради.

Бунинг асосий сабаблари ташқи муҳитнинг ўзгариши, аҳоли ўртасида камҳаракатлилик – гиподинамия, жисмоний ва руҳий зўриқиш, рационда ҳайвон ёғлари кўп бўлган маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш, чекиш ва спиртли ичимликларга ружу қўйиш. Ушбу омиллар юрак-қон томир касалликларининг аҳоли орасида кенг тарқалишига ва ёшариб бораётганига асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин.

– Кузатувларга кўра, юрак-қон томир касаллиги бўлган инсонларда коронавирус инфекцияси оғир кечар экан. Нима учун?

– Юрак-қон томир касалликларининг асосий белгилари қонда холестерин миқдорининг ортиб кетиши, қон томир деворларида холестерин пилакчаларининг пайдо бўлиши оқибатида томир ичининг торайиб қолиши, қоннинг қуюқлашиши, тўқималарга қон билан келадиган озиқ моддалар ва кислород оқимининг пасайиши ҳамда ҳужайраларнинг кислородга бўлган эҳтиёжининг ошиб кетиши билан намоён бўлади.

Агар юрак-қон томир касалликларига чалинган беморлар коронавирус инфекцияси билан оғриб, ўпка пневмонияси кузатилганда ҳамда қон қуюқлашиб кетганда юқорида келтирилган кардиологик касаллик белгилари зўрайиб кетади. Кўпинча беморларда юрак-қон томир касалликларининг асоратлари оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади. Яъни, коронавирус юқтириб олган беморларда ўткир миокард инфаркти, бош мия инсульти, юрак етишмовчилиги ҳолатлари юзага келиб, вирус инфекциясининг оғир кечишига сабаб бўлади.

– Юрак-қон томир касалликлари йилдан йилга ёшариб бормоқда. Бунга сабаб қилиб қандай омилларни кўрсатиш мумкин?

– Ҳақиқатдан, юрак-қон томир касалликлари ёшариб бормоқда. Илгарилари бу касалликлар асосан қарияларда учраган бўлса, ҳозирда 20 ёшли инсонларда ҳам миокард инфаркти, артериал гипертония, юрак ритмининг ўткир бузилиши каби касалликлар учрамоқда.

Бунга сабаб юқорида айтганимиздек, глобализация давридаги гиподинамия ҳолатлари, ёғ алмашинувининг бузилиши, дислипидемия ва гиперхолестеринемия, гиперкоогуляция, яъни қоннинг қуюқлашиши ва қон ивиш ҳолатининг тезлашиши, зарарли одатлар – спиртли ичимликлар истеъмоли, тамаки чекиш, нотўғри овқатланиш каби омилларни кўрсатиш мумкин.

– Юрак-қон томир касалликларининг қайси турлари аҳоли орасида кенг тарқалган ва бунинг сабаблари нимада?

– Ҳозирги кунда аҳоли орасида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, миокард инфаркти ва унинг оқибатида келиб чиқадиган турли хил асоратлар, яъни сурункали юрак етишмовчилиги, юрак ритмининг бузилиши, гипертония касаллиги ва унинг оқибатида келиб чиқадиган мия инсульти, юракнинг туғма нуқсонлари каби касалликлар кўп учрамоқда.

Касалликнинг аҳоли ўртасида кўпайишига ва оғир асоратли ҳолатларга ўтиб кетишига бир томондан беморларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлади.

Маълумки, касалликнинг бошланғич даврларида беморда касаллик белгилари намоён бўлмайди ёки беморни безовта қилмайди. Касаллик ногаҳон тиббий текширувларда, оммавий профилактик тадбирлар давомида (қон босимини ўлчаганда, электрокардиограмма қилинганда, қонни биохимик таҳлили ўтказилганда) аниқланади. Бу нимадан далолат беради? Беморларнинг ўз соғлиқларига беэътиборликларидан, мунтазам тиббий кузатувлардан ўтиб турмаганликларидан далолат беради.

Шунинг учун ҳар бир инсон бир йилда бир марта профилактик текширувлардан оилавий поликлиникаси орқали ўтиб туриши керак. Касаллик аниқланганда даволаш ва диагностика тадбирларини ўтказиб, касалликнинг авж олиб кетишига йўл қўймаслик чораларини кўриш керак. Шунингдек, ҳозирги глобаллашув даврида, экологик муҳитнинг ўзгариб кетганлиги, ичкилик ва чекиш каби зарарли одатларга берилиш, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ юрак-қон томир касалликларининг туғма турларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

– Сурункали юрак-қон томир касаллиги бор ёки ушбу хасталикка чалинган инсонларнинг даволаниш тартиби ва ҳаёти давомида амал қилиши керак бўлган қоидаларга тўхталиб ўтсангиз.

– Сурункали юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар доимий равишда кардиолог шифокор назоратида бўлиши керак. Бунинг учун оилавий поликлиникасида диспансер назоратига олиниши, бир йилда 2 марта диспансер текширувларидан ўтиб, йилда бир марта стационар даволаниши ҳамда доимий равишда кардиолог тавсияларига амал қилиши ва дориларини мунтазам қабул қилиб юриши керак.

Айниқса, ҳар бир бемор ўз саломатлигига масъул бўлиши, соғлиғига беэътибор бўлмаслиги, соғлом турмуш тарзига амал қилиши, организмга жисмоний юкламалар меъёрда бўлиши, шу билан бирга, камҳаракат бўлиб уйда ўтириб қолмаслиги, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиши, кечки пайт енгил нонушта қилиши, уйқудан олдин таом емаслиги, ичиш, чекиш каби зарарли одатлардан воз кечиши керак.

– Юрак-қон томир касалликлари, жумладан, инфаркт ва инсультга чалинмаслик учун асосан нималарга эътибор қаратиш керак? Умуман, ушбу хасталик профилактикаси ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

– Авваламбор, ҳар бир она ҳомиладорлик даврида туғиладиган фарзандининг соғлом бўлиши учун эътиборли бўлиши керак. Кўпинча туғма нуқсонли болалар ҳомиладорлик даврида кўп касал бўлган, камқонли, жисмоний ва руҳий чарчаган оналардан туғилади. Фарзандининг соғлиғига ота-она эътибор бериши, шифокор назоратидан ўтказиб туриши, фарзандини соғлом ва жисмоний бақувват қилиб тарбиялаши керак.

Балоғат ёшидан кейин ҳар бир инсон ўз соғлиғи ҳақида қайғуриши, касалликнинг олдини олиши ёки бошланғич даврида аниқлаб, уни бартараф этиш учун ҳаракат қилиши лозим. Юрак-қон томир касалликларига чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жисмоний фаолликни ошириши, ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнатни меъёрда олиб бориши, овқатланиш гигиенасига амал қилиши, зарарли одатлардан воз кечиши, кардиолог шифокор назоратида бўлиб, ўз вақтида даволаниши талаб этилади.

Мисол учун, биргина чекишни ташлаш 2-3 ойдан кейин ўпка фаолиятини 30 фоизга яхшиланишига, бир йилдан кейин эса юрак ишемик касаллиги ривожланиши хавфини 50 фоизга камайтиради. Шунингдек, тана вазнини назорат қилиш керак. Жумладан, бел айланаси эркакларда 94 см., аёлларда эса 80 см.дан ошмаслиги лозим. Вазннинг 10 кг.га камайиши қон босимини 5-20 мм с.у.га пасайтиради. Кунига 30 дақиқалик жисмоний фаоллик ҳам қон босимини 4-9 мм с.у.га камайтиради.

Бундан ташқари, овқатланишда рационнинг хилма-хиллигига эътибор бериш, оқсилларнинг етарли бўлиши, гўштни балиқ, дуккаклилар, парранда гўштига алмаштириш, савзовот ва меваларни кўпайтириш ҳамда ош туши истеъмолини чеклаш лозим бўлади.

Ушбу тавсияларга мунтазам амал қилиш билан юрак-қон томир касалликларининг ўткир миокард инфаркти ва мия инсульти каби оғир асоратларининг олдини олган бўламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.