Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

COVID-19 ДАН ДАВОЛАНГАНЛАР ОРАСИДА ХИТОЙЛИКЛАР ҲАМ БОР

22 Сентябрь 2020

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни марказлашган ҳолда даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида шу йилнинг 10 августидан Самарқанд шаҳрида 1080 ўринли даволаш ва тақсимлаш маркази ташкил этилган эди. У ерда “COVID-19”ни юқтирган беморларга 400 нафардан ортиқ тиббиёт ходими хизмат кўрсатиб келмоқда. Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов ҳам марказ иш бошлаганидан буён шу ерда ишлаяпти.

– Ўтган қирқ кундан ортиқ даврда бу ерда минглаб беморлар даволанди, – деди А.Бобожонов. – Шифокор ва ҳамширалар, умуман, бу даргоҳда меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларимиз ўз зиммасига юклатилган вазифани тун-у кун чин дилдан бажармоқда. Марказда 24 соат бир хил суратда иш кетмоқда. Тўғри, иш вақти белгиланган, маълум бир тартиб ва қоидалар амал қилади. Лекин бир ходим ишни тугатиб кетса, унинг ўрнида бошқаси ишни давом эттиради. Жараён тўлиқ видеокузатув остида, қайси бемор қандай ҳолатда эканлиги доимий назоратда.

– Эшитишимизча, ўзингиз 48 кундан буён шу ерда экансиз. Уйга боришга чўчияпсизми ёки бу ердаги вазият шуни тақозо этяптими?

– Аввал марказ фаолиятини йўлга қўйиб олгунча, энди эса шу ишга масъул сифатида туну кун шу ерда бўлишимга тўғри келмоқда. Уйга борганимда ҳам барибир хаёлим шу ерда бўлади ва хотиржам ўтиролмайман. Оилам билан телефон орқали ҳар куни гаплашиб турибмиз. Худога шукр, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Муҳими – шу ҳозир.

– Марказда беморлар учун яратилган шароит, дори-дармон таъминотида муаммолар юзага келмаяптими?

– Қарийб 30 йиллик тиббиёт ходими сифатида айтишим мумкинки, шу пайтгача бундай таъминотни кўрмаганман. “COVID-19” ни аниқлаш ва даволаш учун қандай тиббий жиҳоз керак бўлса (компьютер тамографиясини айтмаганда), барчаси шу ерга келтирилган. Таҳлиллар ҳам марказда олинади, бошқа касаллик белгилари ҳам аниқланиб, беморлар аниқ ташхис асосида даволанади. 252 та реанимацион жой мавжуд, 24 соат кислород узлуксизлиги таъминланган. Коронавирусни даволаш учун барча дори воситалари етарли. Озиқ-овқат таъминоти аутсорсинг асосида йўлга қўйилган. Беморларга тўрт маҳал овқат берилади. Марказга мутахассислар тегишли комиссия томонидан танлов асосида ишга қабул қилинмоқда. Бундан ташқари, шу пайтгача Россия, Германия ва бошқа давлатлардан малакали тиббиёт ходимлари келиб, фаолиятимиз билан танишди, улар билан ўзаро тажриба алмашдик. Германиялик бир нафар мутахассис 20 кун биз билан бирга ишлади.

– Айни пайтда вилоятимизнинг қайси ҳудудларидан беморлар кўп келяпти?

– Дастлабки пайтларда Самарқанд шаҳрида касаллик кўп қайд этилаётган эди. Энди эса Паст Дарғом, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд туманларидан келаётганлар кўпайди. Лекин қўшни вилоятлардан ҳам беморлар бор. Қашқадарёнинг Чироқчи ва Шаҳрисабз туманлари, Навоий ва Жиззах вилоятларининг Самарқандга яқин ҳудудларидан коронавирусга чалинганлар келиб, даволаниб кетмоқда. Икки нафар хитойлик меҳмон ҳам марказимизда даволаниб, саломатлигини тиклади.

– Юртимизда коронавирус қайд этилганига 6 ойдан ошди. Дастлабки пайтда учраган касаллик белгилари ва даво муолажалари билан бугунгиси ўртасида қандай фарқлар бор?

– Бугун аниқланаётган вирус тез ривожланаётгани ва кўп асоратлар қолдираётгани билан март ёки июнь ойида қайд этилган касалликдан фарқланяпти. Шунга қараб даво муолажалари ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма ва тавсиялари асосида олиб борилмоқда. Кўп таъкидланаётганидек, коронавирус сурункали касалликлари бор инсонларда, кексаларда оғир кечяпти. Шунинг учун юртдошларимиз биринчи навбатда ўз саломатликларига бефарқ бўлмаслик ларини, бугун айтилаётган қоидалар, тиббий тавсияларга қатъий риоя этиш ларини сўраймиз. Ҳар бир инсон касал бўлмасдан олдин саломатлиги қадрига етиши, ўзини асраши керак. Фаол жисмоний ҳаракат, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ҳар қандай касаллик, жумладан, коронавирусга чалинмасликнинг ҳам асосий шартидир.

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.

Манба: “Зарафшон” газетаси