Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори лойиҳаси эълон қилинди (https://regulation.gov.uz/uz/document/22408).
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади.
2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш назарда тутилган.
Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига лойиҳа концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг лозим даражада бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юкланади.
Жамғарманинг ижро этувчи директорига: зарур ҳолларда, Жамғарма ижро этувчи аппаратининг вақтинчалик тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш; жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан эгаллаб турган асосий лавозимлари бўйича лавозим маошларига устама ва бошқа рағбатлантириш тўловларини белгилаш ҳуқуқи берилади.
— Давлат тиббий суғуртасини республикада жорий қилишга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳаси хорижий тажриба ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, дастлабки босқичда тиббий муассасаларни ахборотлаштириш, тиббий ёрдам кўрсатиш янги моделини ва тиббий муассасаларни молиялаштириш янги механизмларини тадбиқ этишни ўз ичига олади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўлими бошлиғи Зохид Эрматов.
Концепцияни амалга ошириш ва тажриба-синов лойиҳаси натижасида соғлиқни сақлаш тизимидаги самарасиз харажатлар улушини босқичма-босқич қисқартириш, тиббиёт муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш ва тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш, аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишга хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш ҳисобига рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда тиббий хизматлар сифатини оширишга эришиш кутилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.