Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Ўтган вақт мобайнида давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асослари ва уни амалиётга жорий этишнинг аниқ механизми яратилди. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 16 апрелда “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 10 май санасида эса “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга кўра, юртимиз ҳудудларида давлат тиббиёт муассасаларининг бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоотлари негизида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, тиббий хизматлар сифатини халқаро меъёрлар даражасига олиб чиқиш мақсадида давлат тиббиёт муассасаларининг баъзи функцияларини хусусий сектор вакилларига бериш орқали давлат ва хусусий шерикларнинг имкониятлари бирлаштирилди.
— Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ipsum Pathology” МЧЖ ўртасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалида патоморфология текширувларини ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик битими имзоланди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат хусусий шериклик ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Камолхўжа Эшназаров. — Битимга асосан, “Ipsum Pathology” МЧЖ 3,5 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш орқали онкологик касалликларни аниқлашда ўта муҳим бўлган патомарфологик лаборотория текширишларини бугунги бозор нархидан арзон нархларда, замонавий технологияларни жорий қилиш орқали халқаро стандартларга мос равишда ташкил қилиши белгилаб қўйилган эди.
Камолхўжа Эшназаровнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида ишлар бошлаб юборилган. Аввало, 15 та янги иш ўрни яратилиб, мураккаб лаборотория таҳлиллари аниқлик билан сифатли бажарила бошланди. Ушбу лойиҳанинг ишга тушиши беморларда ўтказиладиган таҳлилларни олиш муддати аввалги 7-10 кундан 3-4 кунга қисқартирди. Бу эса беморларнинг шифохонада бўлиш даврини деярли икки баробарга камайтирди.
Бундан ташқари, лаборатория таҳлил натижаларини электрон шаклда сақлаш ва узатиш, ўта юқори аниқлик билан хулосалар бериш имконияти пайдо бўлди. Зарур бўлганда, нафақат маҳаллий, балки хорижий давлатларнинг малакали шифокорларига таҳлил натижаларини юбориб, маслаҳатлашиш имкони яратилди. Бу эса айнан касалликка тўғри ташхис қўйиш ва даволашни тўғри танлаш учун қулай шароит яратади. Лаборатория таҳлиллари нархи ҳам бошқа хусусий тиббиёт муассасаларига нисбатан бир неча баробар арзон экани диққатга сазовор.
Ушбу лойиҳанинг амалга татбиқ этилиши беморларга тўғри ташхис қўйиш, самарали даволаш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг меҳнат унумдорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Айни кунларда Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларда замонавий даволаш ва диагностика марказларини ташкил этиш, стоматология ва реабилитация, лаборатория ва гемодиализ хизматларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.