Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Кўз билан боғлиқ хасталиклар ҳамда унинг олдини олиш борасида қатор саволлар билан Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромовга мурожаат қилдик (1-қисм).
– Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг айримларида нима учун кўз касалликлари билан боғлиқ асоратлар юзага келмоқда?
– Илмий текширишлар асосида шуни айтиш мумкинки, коронавирус кўз ёши ишқорийлигига жуда яқин. Айнан шунинг учун кўзлар коронавирус инфекциясининг организмга тушиши учун ўзига хос “дарвоза”га айланади. Коронавирус асоратлари ҳақида гапирадиган бўлсак, қон томирларининг ёрилиши, субконъюнктивал қон қуюлиши, гемофтальм, тромб ҳосил бўлиши, тўр парда марказий артерияси окклюзияси, тўр парда марказий венаси тромбозияси, каверноз синуси тромбози кабиларни келтириш мумкин.
Мисол учун, коронавирус тарқала бошлаши билан субконъюнктивал қон қуюлишли беморлар сони ҳам ортди. Бундай холларда кўз ташқаридан аянчли ҳолатдагидек кўринади, лекин кўриш ўткирлиги ва кўзнинг ички холати яхши сақланиши ва кўзнинг кўринадиган қисмида қуюлган ҳол асоратсиз 10-14 кун ичида сўрилиб кетиши мумкин. Лекин, афсуски, кўз ичида тромб ҳосил бўлганда шифохонага кеч мурожаат қилинган ҳолатлар ҳам учраб туради.
– Коронавирусга чалинган беморлар кўз касалликларидан тузалиб кетадими ёки асоратлари қоладими?
– Ҳар бир касаллик сингари коронавирус туфайли юзага келган хасталиклар кечиши ва асоратлари ҳам индивидуал бўлади. Иммун тизим, кўзларнинг касалликдан аввалги ҳолати, шунингдек, даволаниш чоралари қай тарзда кечишига қараб, асоратлар бўлиш ёки бўлмаслиги мумкин. Шуни айтиш жоизки, коронавирусда кеч юзага келадиган асоратлар ҳам мавжуд. Қон хусусиятлари ва тромбоз сингари ўзгаришлар қайта ҳосил бўлиши ҳавфини туғдириши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун шифокор назоратида бўлиши ҳамда лаборатор тахлиллар мунтазам тарзда бажарилиши керак.
– Куз мавсумида турли аллергик касалликлар кўпаяди. Айтингчи, ушбу мавсумда кўз билан боғлиқ қандай аллергик касалликлар авж олади?
– Кузда мавсумий поллиноз конъюнктивит, медикаментоз аллергия, аллергик кератоконъюнктивит, атопик кератоконъюнктивит, йирик папилляр конъюнктивит, хроник аллергик конъюнктивит хуружи каби кўз касалликлари авж олиши мумкин. Одатда аллергияга мойиллиги бор инсонлар парҳез қилиш ҳақида, шифокорга мурожаат этиш кераклиги тўғрисида яхши билишади. Лекин охирги пайтда аҳоли орасида кўплаб турли хил дори воситаларининг ўз билганича қўлланиши оқибатида аллергия ҳолатлари кўпаймоқда.
– Кўз билан боғлиқ аллергик касаликларни даволаш ва унинг олдини олиш борасида қандай тавсиялар бера оласиз?
– Агар ўзингизда аллергияга мойиллик сезсангиз, биринчи навбатда, истеъмолдан аллергенларни олиб ташланг. Антигистамин дори воситаларини бетартиб ишлатманг. Энг муҳими, кўз шифокори кўригидан ўтиб, улар ёзиб берган дори воситаларини ўз вақтиди қабул қилинг.
– Ҳозирда кўз касалликларининг қайси турлари аҳоли орасида кўпроқ учрамоқда ва бунинг сабаби нимада?
– Ҳозирги вақтда аллергик ва вирусли конъюнктивитлар ҳамда компьютер синдроми каби кўз касалликлари кўпайган. Аксарият ҳолларда ушбу касалликларга гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз уй шароитида қабул қилиш ҳамда ўз вақтида шифокорга мурожаат этмаслик оқибатида келиб чиқади.
Жумладан, дори воситаларининг нотўғри ишлатилиши аллергик асоратларга олиб келиши ва касалликни оғирлаштириши мумкин. Масофавий иш кўпайиши натижасида компьютерда узоқ вақт ишлаш ҳам кўриш ўткирлигига зарар етказиши мумкин.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кўз машқларини мунтазам қилиб бориш, компьютерда ишлаганда ҳар 20 дақиқада 20 сонияга узоққа қараб кўзларга дам бериш лозим бўлади.
– Одамлар орасида кенг тарқалган кўз касалликларидан қандай сақланиш мумкин?
– Аҳоли орасида кенг тарқалган ва оғир асоратларга олиб келадиган кўз касалликларининг олдини олиш учун, албатта, йилига бир марта тиббий текширувдан ўтиб туриш керак.
Наслида кўз касалликлари мавжуд бўлган инсонлар эса 35 ёшдан сўнг йилига 2 маротаба кўзларини текширтириб туриши талаб этилади. Шундагина касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш мумкин.
Мисол учун, ёшлигида глаукома касаллиги бошланиши билан шифохонамизга мурожаат этган, ҳозирда ўз фарзанд ва набираларини ҳам текширувга бирга олиб келадиган, кўриш ўткирлиги яхши сақланган беморларимиз бор. Ва аксинча, кўриш ўткирлиги анча пасайганда мурожаат этган беморлар ҳам бор. Уларда кўриш нерви қайтариб бўлмас ўзгаришларга учраган. Афсуски, бундай оғир ҳолатлар кам эмас. Шу боис, кўриш ўткирлиги пасайишини кутмасдан ўз соғлиғингизга ёшликдан эътиборли бўлишингизни тавсия қиламиз.
– Кўз касалликлари кўпроқ қандай омилларга боғлиқ? Кўз хасталикларига чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш лозим?
– Кўз касалликлари ичида наслга, ёшга, жинсига боғлиқ бўлганлари ҳам, боғлиқ бўлмаганлари ҳам мавжуд. Мисол учун, миопия ёки глаукомада наслий фактор муҳим аҳамиятга эга. Инфекцион кўз касалликларининг эса наслга боғлиқлик жойи йўқ.
Кўз касалликларидан сақланиш учун, аввало, гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда ҳозирги ахборот технологиялари даврида урфга айланган смартфон, планшет ҳамда компьютер воситаларидан фойдаланишда меъёрга риоя этиш лозим. Шунингдек, ўз вақтида кўзларни текширтириб туриш ҳамда дори воситаларини ўз билганича эмас, фақатгина шифокор тавсияси бўйича фойдаланиш тавсия этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.