Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

НАФАС АЪЗОЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ: ХАВФЛИ ОҚИБАТЛАРДАН ПРОФИЛАКТИКА ВА ДАВО ЧОРАЛАРИГАЧА

8 Сентябрь 2020

Пандемия шуни кўрсатмоқдаки, нафас органлари касалликка мойил кишилар ўз соғлиқларига жиддий эътибор қаратишлари керак бўлмоқда. Шундай беморлар нималарга эътибор қилишлари керак, касалликлардан самарали даволаниш учун нималарга эътибор бериш керак? Шу каби саволларга Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази диагностика бўлими шифокори, олий тоифали пульмонолог Хайрулло Ражабов жавоб беради.

— Нафас олиш тизими билан боғлиқ касалликлар унчалик хавфли кўринмаса-да, аслида ўлим хавфи жуда юқори касалликлар гуруҳига киради...

— Аслида хавфсиз касалликнинг ўзи йўқ. Ҳозирги пайтда аҳоли орасида учрайдиган нафас аъзолари касалликларининг асосий қисмини бронхиал астма, сурункали обструктив упка касаллиги ва пневмония ташкил килади. Масалан, дунё статискаси буйича бронхиал астма касаллиги аҳоли орасида ўртача 5 фоиз ҳолларда учрайди, бу кўрсатгич болалар орасида янада кўпроқ учраб 10 фоизни ташкил қилади. Сурункали обструктив ўпка касаллиги дунё бўйича касалланиш ва ўлим кўрсаткичларининг асосий сабабларидан бирига айланиб бормокда. Бу ўз ўрнида иқтисодий ва ижтимоий муоаммоларни юзага келтиради. Инфекцион касалликлар орасида ўлим сабаблари кўрсаткичи бўйича пневмония биринчи ўринни ва умумий ўлим кўрсаткичи сабаблари бўйича олтинчи ўринни эгаллайди.

— Ўзбекистон кескин континентал иқлим минтақасига киради. Айниқса, Орол фожиаси, сўнгги йиллардаги иқлимий ўзгаришлар бу минтақа аҳолисининг нафас олиш органлари касалланишлари даражасини ошириб юборди...

— Юртимизда аҳоли орасида касалланишлар кўрсаткичи бўйича нафас аъзолари касалликлари биринчи ўринни эгаллайди ва касалликларнинг асосий турлари орасида 30-31,5 фоизни ташкил қилади. Нафас аъзолари касалликлари ўлим сабаби кўрсаткичи буйича бешинчи ўринни (4,1-4,2 фоиз), болалар орасида эса иккинчи ўринни (16,6 фоиз) эгаллайди. Нафас аъзолари кассаликлари орасида катта муаммоларга сабаб бўлувчи яна бир нечта касалликлар бор. Буларга ўпканинг интерстициал касалликлари, муковисцидоз, нафас етишмовчилиги, уйқу апноэ синдроми, ўпка сили ива юкори нафас аъзолари касалликлари киради.

— Лекин юртдошларимизни энг кўп қийнайдиган нафас олиш билан боғлиқ касаллик бронхиал астма бўлса керак. Бу касалликнинг бу касалликка чалинмаслик ва ундан самарали даволаниш учун нималарга эътибор бериш керак?

— Бронхиал астма, тиббиёт тили билан айтганда, гиперреактивлик билан намоён бўлувчи нафас аъзоларининг сурункали яллиғланишидир. Бу сурункали яллиғланиш жараёнида, асосан, семиз ҳужайралар, эозинофиллар ва Т-лимфоцитлар иштирок этади. Бронхиал астма қурук йўтал, нафас қисиш хуружлари, ҳансираш, кўкракдаги оғирлик ҳиссининг пайдо бўлиши каби симптомлар билан намоён бўлади, бу ҳолатлар, асосан, тунда ёки эрталаб саҳарда кузатилади. Бу ҳолатлар кўпинча спонтан ёки дори таъсирида орқага қайтиши мумкин. Бу касалликни эндоген ва экзоген омиллар келтириб чиқаради:

- эндоген омиллар – генетик мойиллик, атопия, нафас йўллари гиперреактивлиги;

- ташқи омиллар – ташқи ва уй аллергенлари (чанг, уй чанглари, ўсимликлар чанглари, уй ҳайвонлари жуни), чекиш, респиратор инфекциялар, паразитар инвазия ва айрим озиқ-овқат ва дори воситалари.

Бронхиал астманинг кечиши унинг ўз вақтида аниқланганлиги билан боғлиқ, агар касаллик ўз вақтида аниқланса, бемор шифокор кўрсатмаларига тўғри амал қилса, яъни асосий даволаш жараёнларига эътиборли бўлса, касалликни тўлиқ назорат қилиш мумкин, бу эса бемор ҳаёт тарзини яхшилайди ва узоқ ремиссияга (касаллик аломатларининг заифлашувига) сабаб бўлади...

— Пульмонологик касалликлар авлоддан авлодга ўтиши ҳам мумкинми?

— Ҳамма пульмонологик касалликлар ҳам наслдан наслга ўтмайди, насл сурадиган касалликлар гурухига муковицидоз, бронхиал астма ва бошқа аллергик ҳолатлар киради. Масалан, оилада ота ёки она бронхиал астма билан касалланган бўлса, боланинг касалланиш эҳтимоли 20-30 фоизни ташкил қилади. Агар ҳар иккаласи (ота ва она) касалланган бўлса, боланинг касалланиш эҳтимоли 75 фоизни ташкил қилади. Бу ҳолат онанинг ҳомиладолик даврида чекадиган бўлса бу хавф 90 фоизгача ортади. Респиратор инфекцион касалликлар наслдан наслга ўтмайди. Улар келиб чиқишига кўра, организм иммун системаси фаолиятининг сустлиги, микроорганизмнинг микдори ва унинг вирулентлиги(микроорганизмларнинг касаллик қўзғатиши)нинг юқори бўлишига боғлиқ.

Ўзбекистонда нафас аъзолари касалликларида рўй берадиган ўлим кўрсаткичлари анча юқори. Бу жиҳатдан юрак-қон томир тизими касалликларидан кейинги ўринларда турса ҳам, юртимизда пульмонологлар кардиология мутахсассисларидан 4 баробар кам. Бугунги пандемия шароитида бу мутахассислар танқислиги сезилмаяптими?

— Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, нафас аъзолари касалликларида руй берадиган ўлим кўрсаткичи 2008 йилда 6,6 фоизни ташкил қилиб, учинчи ўринни эгаллаган, биринчи ўринда юрак-кон томир касалликлари (59,3 фоиз) ва иккинчи ўринда ўсма касалликлари(7,1 фоиз)ни кўрсатмоқда. Болаларда эса нафас аъзолари касаликлари туфайли руй берган ўлим кўрсаткич 2008 йилда 35 фоизни ташкил қилиб, перинатал давр патологияси(44,8 фоиз)дан кейинги ўринни эгаллаган.

Охирги йилларда нафас аъзолари касалликларида руй берадиган ўлим кўрсаткичи 4,1-5,1 фоизни ташкил қилиб, бешинчи ўринни эгалади. Болалар орасида бу кўрсаткич 16-16,6 фоизгача камайди. Бу албатта пульмонология хизматининг ривожланганлигидан далолат беради. Замонавий диагностик ва даволаш усуллари республикамизнинг барча худудларида татбик этилгани бунга сабаб бўлмоқда деб айта оламиз. РИФ ва ПИАТМ ходимлари томонидан доимий янги даволаш ва диагностика стандартлари ва протоколлари ишлаб чиқилади ва унинг бажарилиши доимий мониторинг қилиб борилади. Бу хам ўз ўрнида бу соҳани ривожланишига олиб келиши турган гап.

Пандемия шароитида нафакат пульмонологнинг танкислиги, балки бошқа йўналишларда ҳам танқислик кузатилди, лекин бундай ҳолатлар имкон қадар ўз вақтида бартараф этиб борилмоқда.

— Ҳозирда коронавирус нафас олиш тизимида сурункали касалликлари бор беморлар учун энг катта хавфдир. Улар ўзини вирус хавфидан ҳимоя қилиш учун нима қилишлари керак?

— Коронавирус инфекциясининг специфик профилактикаси ишлаб чиқиш босқичида. Бу вакцинация жараёни бўлиб, касалликни олдини олиш учун препарат яратиш демакдир. Носпецифик профилактика эса ўзини ўзи яккалаш тартиби, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, тиббий ниқоблардан фойдаланиш, хоналарни тез-тез шамоллатиш, тўғри (витамин ва оқсилларга бой) овқатланиш ва дам олишни ташкил қилиш, шунингдек, сурункали касалликлари бор инсонлар шифокорлар назоратида базисли (доимий) даволанишни давом эттиришлари керак бўлади.

— Коронавирусдан даволаниб чиққан беморларнинг ўпкасида кейинчалик ҳам касалликнинг асоратлари сақланиб қоляпти. Касалликдан кейинги асоратларнинг инсон саломатлигига қандай салбий таъсири бўлиши мумкин?

— Коронавирусдан даволанган беморларнинг ўпкасидаги асоратларнинг асосий қисмини ўпкада тарқалган фиброзли ўзгаришлар ташкил қилади, улар кўп ҳолларда ўпканинг ташки нафас функциясининг рестриктив типдаги ўзгаришларига олиб келади ва жисмоний зўриқишга резистентлик ҳосил қилади. Бундай беморлар 1 йилгача пульмонолог назоратида бўлишлари керак. Сабаби ўпкадаги фиброзли ўзгаришларнинг тўлиқ сурилиши йил давомида кузатилиши мумкин.

— Юртимизда носпесифик ўпка касалликлари энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келар экан. Бунга сабаб нима?

— Қорақалпоғистон Республикасида ўпка касалликларининг кўп тарқалиши асосан Орол денгизининг қуриши туфайли юзага келган экологик муҳит таъсири сабаб қилиб курсатилади. Тошкент шаҳридаги ҳолат эса энг катта ихтисослаштирилган марказларнинг Тошкент шаҳрида мавжудлиги билан боғлиқ бўлиб, бу ўз ўрнида касалликнинг диагностикасини яхшиланишига олиб келади, диагностиканинг яхшиланиши эса бу кўрсаткичларнинг ошишига сабаб бўлади, шунингдек, Тошкент шаҳридаги кўрсаткичлар юқорилигига яна бир сабаб ички миграциядир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.