Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

МAСОФAВИЙ ТAЪЛИМ унга ўрта тиббиёт ходимлари қандай мослашмоқдалар?

2 Сентябрь 2020

Бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт тизимида 300 минг нафардан зиёд ҳамшира фаолият кўрсатмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли улар янги билимларга эга бўлиш ва ўз малакаларини ошириш учун масофадан ўқишга мослашишлари керак эди. Хуш, ушбу жараён қандай ўтмоқда? Масофавий таълим самараси ҳақида дастлабки хулосалар қандай бўлди? Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Лола Мусажонова билан қилган суҳбатимиз ана шу ҳақда бўлди.

– “COVID-19” пандемияси туфайли жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказидаги ўқув материаллари қайта ишланди, баъзилари эса қайта кўриб чиқилиб, ҳамширалар онлайн таълим олиш тизимига ўтказилди. Энг муҳими, марказнинг профессор-ўқитувчилари аудитория билан турли хил онлайн таълим шаклларида, шу жумладан “Telegram” ижтимоий тармоғининг саҳифалари, гуруҳлари ва бошқа тизимлари орқали мулоқот қилишга мослашдилар.

– Ҳамшираларга масофавий ўқиш қийинчилик туғдирмадими?

– Рости, дастлаб қийинчилик бўлди. Ҳамшираларнинг бир қисми Интернет хизматларидан қандай фойдаланишни билмасликларини ва улар учун харажатларни тўлай олмасликларини асос қилиб, онлайн шаклда ўқишдан қийналишларини айтишди. Улар пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг тўғридан-тўғри дарсларга ўзлари келиб, аудиторияда ўқиш имконига эга бўлишса яхшироқ бўлишини билдиришди. Aммо биз уларга бундай машғулотлар, аксинча, қулайлигини, айниқса, вақт ва маблағни тежашга ёрдам беришини тушунтира олдик. Ахир масофавий таълим олиш жараёнида йўл, овқатланиш, турар жой харажатлари қисқаради. Шунингдек, улар ўз ишларидан ажралмаган ҳолда билим олиш имконига эга бўладилар. Шундан сўнг аксарият ҳамширалар машғулотларга киришиб кетишди. “Telegram”даги бизнинг барча онлайн ўқув гуруҳларимиз фаолиятини назорат қилиш натижаларига асосланиб айтишим мумкинки, улар бугун шу йўлни танлаганларидан сира афсусда эмаслар.

Таъкидлаш жоизки, биз ўқувчиларга қулай таълим муҳитини яратиб бердик. Уларнинг аксарияти ўз иш фаолиятини тўхтатмаган ҳолда ўқимоқдалар. Буни ҳисобга олган ҳолда, биз улардан бир вақтнинг ўзида онлайн бўлишларини талаб қилмаймиз. Ўқитувчи материалларни тегишли “Telegram” гуруҳига юклайди ва ўқувчилар кун давомида, ўзлари учун қулай вақтда гуруҳга кирадилар, дарсни ўзлаштириб, топшириқларни бажарадилар, холос.

– Ҳамшираларнинг малакасини ошириш бўйича йиллик режа мавжуд. Масофавий ўқитишга ўтиш бу режани бажаришга салбий таъсир кўрсатмадими?

– Aксинча, онлайн таълим бизнинг имкониятларимизни анчагина кенгайтирди. “COVID-19” пандемиясига қарамай, масофавий таълим беришни ташкил этиш туфайли биз ҳамширалар малакасини ошириш режасини ортиғи билан бажара олдик. Яъни 2019-2020 ўқув йилида мамлакатимиз бўйлаб 44 861 нафар ходимни ўқитиш режалаштирилган бўлса, амалда эса 45 905 нафар ходим таълим олди. Шунингдек, шу ўқув йили 12 384 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ихтисослашув гуруҳларида ўқитилди.

Бундан ташқари, “Telegram” ижтимоий тармоғининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази ва унинг филиаллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан биргаликда тиббиёт муассасаларининг бош ва катта ҳамширалари учун масофавий малака оширишни ташкил этишди.

– Шу фикрлардан келиб чиқиб, масофавий таълимнинг истиқболлари ҳақида нималар дея оласиз?

– Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўқув дарсларида амалий машғулотлар зарур ва долзарб бўлган йўналишлар мавжуд. Шунинг учун уларда ўқувчининг ўзи аудиторияга келиши жуда ҳам муҳим. Келгусида эса малака ошириш сифати, самарадорлиги ва узлуксизлигини таъминлаш учун масофавий таълим имкониятларидан оқилона фойдаланишнинг янада мақбулроқ усулини топсак айни муддао бўларди.

Ўрта тиббиёт ходимларида масофавий таълим билан боғлиқ саволлар бўлса, қуйидаги телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин: 71/214-51-60.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.