Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: АЛИШЕР ШАДМАНОВ ЮРТИМИЗГА КЕЛГАН БИР ГУРУҲ ТУРКИЯЛИК МУТАХАССИСЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

28 Август 2020

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов айни пайтда юртимизда бўлиб турган туркиялик тажрибали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ билан учрашди.

Унда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган изчил ҳамкорлик, жумладан, икки давлат тиббиёт ходимларининг биргаликда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасидаги тизимли саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Жумладан шу қисқа даврда туркиялик мутахассисларнинг учинчи гуруҳи “COVID-19”га қарши курашда кўмаклашиш учун етиб келгани, Туркия томонидан юртимизга 50 та замонавий сунъий нафас бериш аппарати (ИВЛ)нинг етказиб берилиши алоҳида эътироф этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган йил декабрь ойида юртимизда бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ташкил этилган эди. Ушбу тадбирда ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари томонидан қатор манфаатли келишувларга эришилди.

Жумладан, шошилинч ва тез тиббий хизмат, фармацевтика, тиббий таълим, онкология ва радиология, гематология ва қон қуйиш, педиатрия, акушерлик ва гинекология, хусусий тиббиёт каби қатор муҳим йўналишларда меморандумлар имзоланган эди. Ушбу келишувлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Изчил ҳамкорлик самараси ўлароқ юртимизга келган туркиялик шифокорлар сафида анестезиолог, реаниматолог, пульмонолог, инфекционист, педиатр, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам, биотиббиёт, умумий амалиёт, ички касалликлар, жамоат саломатлиги бўйича малакали мутахассислар жам бўлишгани эътиборга молик.

Учрашувда меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Вируслогия илмий текшириш институти, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Тошкент вилоятидаги Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларидаги ушбу соҳага ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, корновирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда амалий фаолият кўрсатишлари режалаштирилгани таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.