Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ХОДИМЛАРИГА РАҒБАТ МАСАЛАСИДА БАТАФСИЛ ТУШУНЧА БЕРИЛДИ

19 Август 2020

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига бевосита, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тез тиббий ёрдам ходимларига тўланган рағбат пуллари борасидаги мурожаатлар кўпаймоқда. Мазкур мурожаатлар ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан ўрганилиб, муаллифларига қарор талаблари бўйича зарур тушунтиришлар берилмоқда. Бироқ, афсуски, олиб борилган юқоридаги тадбирларга қарамасдан тушунмовчиликлар ҳамон давом этмоқда.

“Daryo.uz” сайтида эълон қилинган журналист Отабек Қўлдошевнинг “Қашқадарёда тез ёрдам ҳайдовчилари ва ҳамширалар рағбат пули ололмаётганидан шикоят қилиб, вилоят ҳокимлиги биноси олдида тўпланди” сарлавҳали мақоласи юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Мурожаат муаллифлари ва журналист илгари ҳам мазкур мурожаат билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлишган. Бошқарма мутасаддилари томонидан уларга рағбат борасидаги қарор талаблари бўйича тушунтиришлар берилган. Аммо улар бу тушунтиришлардан қаноатланмай, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилишган.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 июлдаги 458-сон қарори билан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга жалб этилган тез тиббий ёрдам ходимлари (врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар) Қурбон ҳайити муносабати билан бир марталик моддий рағбатлантирилган эди. Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ва тадбиркор Алишер Усмонов томонидан 100 миллиард сўм (10 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ажратилган.

Қарорга мувофиқ, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдамнинг –

•врач ходимлари – 5 миллион сўм;

•ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар) – 4 миллион сўм;

•ҳайдовчилари – 3 миллион сўмдан бир марталик моддий рағбатлантирилган.

Ушбу рағбатлантириш тўловлари фақат 2020 йил 1 июнгача ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.
Бир марталик рағбатлантириш адолат нуқтаи назардан тўғри бўлсин деб, у ставкадан келиб чиқиб берилган.

Қарорда фақат врачлар, ўрта тиббий ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар) ва ҳайдовчилар бир марталик моддий рағбатлантирилиши аниқ белгилаб қўйилган. Сабаби, бу ходимлар жавобгарлиги юқорилиги билан бирга, улар бевосита беморлар билан тўқнашадилар ва касаллик юқтириб олиш хавфи мавжуд. Шу омиллар ҳисобга олинган.

Тез тиббий ёрдам тизимида диспетчерларнинг ҳам алоҳида ўрни бор, уларнинг меҳнати қадрланади. Бироқ қарорда диспетчерларни рағбатлантириш кўзда тутилмаган.
Юқоридаги вазиятда ҳам ҳайдовчилар ва фельдшерларга рағбат пули қарор талаблари асосида, ставкаларидан келиб чиқиб берилган. Диспетчерларга эса қарорда белгиланмаганлиги сабабли тўланмаган.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Йўлдошев ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари мурожаат билан чиққан диспетчер, ҳайдовчи ва бошқа ходимлар билан мулоқот жараёнида уларга бу борада батафсил тушунча беришди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси

Ахборот хизмати.