Сана ва вақти
2Шифокорни танланг
3Қабулга ёзилиш
Ўн кун аввал юртимизга Хитойдан вирусолог, эпидемиолог, хирург, пульмонолог, фтизиатр, невролог каби мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ келгани ҳақида хабар қилган эдик. Шу вақтгача хитойлик мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар ўртасида онлайн конференциялар ташкил қилинди, вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари билан мулоқотлар ўтказилди, меҳмонлар томонидан коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги беморларга консультациялар берилди, шунингдек, улар юртимиздаги коронавирусга ихтисослашган шифохоналар, саралаш ва тақсимлаш марказларининг иши билан танишиб, ўз амалий тавсияларини беришди.
Бугун эса Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Хитойнинг “Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.” фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь бошчилигидаги навбатдаги гуруҳни қабул қилди. Фармацевтика компанияси ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат делегациянинг мақсади Ўзбекистон тиббиёт ходимлари билан “COVID-19” пандемиясига оид маълумотлар билан ўртоқлашиш, ҳамкорликда касаллик кенг тарқалишини олдини олиш, уни назорат қилиш ва даволаш ишларига кўмаклашишдир.
Ўтган йили апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида қатор соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимида, хусусан юртимизда анъанавий хитой табобатини ривожлантириш бўйича келишувга ҳам эришилганди. Бугунги мулоқот давомида таъкидланганидек, барча давлатлар учун оғир бўлган ҳозирги пайтда, пандемия билан боғлиқ бўлган инқирозли вазиятда икки давлат ўртасида ушбу йўналишда самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.
“COVID-19”га қарши курашда Ўзбекистон Хитойнинг тўплаган катта тажрибасини қўллаши ва мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали пандемияни енгишига ишонч билдирилди. Ўз ўрнида ХХР ҳукумати томонидан мутахассислар кўмаги билан биргаликда юртимизга бир неча бор инсонпарварлик ёрдами етказиб бергани айтилиб, чуқур миннатдорлик билдирилди.
Мулоқот давомида меҳмонлар анъанавий хитой табобатининг бугунги кунда коронавирусга қарши курашдаги аҳамияти хусусида батафсил гапириб беришди, ушбу йўналишда юртимиз билан кенг ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Жумладан, мамлакатимизда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг филиалини ташкил қилишга келишиб олинди. Бу ерда тайёрланадиган мутахассислар халқ табобати илмини замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштирган ҳолда амалиётда қўллашлари мумкин бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.