Мурожаатингиз учун минатдормиз!
  • Сана ва вақти

  • 2Шифокорни танланг

  • 3Қабулга ёзилиш

UZ RU EN +998 71 231-18-52 100194, Тошкент ш., Юнусобод, 3 квартал, Янги шахар кўчаси, 7А

МАМЛАКАТИМИЗДА “COVID-19”ГА ҚАРШИ ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРАЁТГАН МУАССАСАЛАРГА

21 Август 2020

Бугунги кунга келиб, тиббиёт ходимларининг коронавирус инфекциясига қарши курашда етарли тажриба орттириши, тиббиёт ташкилотларининг
моддий-техник ва дори воситалари таъминотини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилиши натижасида мавжуд вазият нисбатан барқарорлашишига эришилмоқда.

Шу билан бирга, жорий йилнинг март ойидан бошлаб, қарийб олти ой давомида доимий яшаш жойидан ажралган ҳолда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимлари 14 кунлик “вахта” усулида эмас, балки кунбай келиб-кетиш тизимига ўтиш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтишган.

Шу билан бирга, Россия, Туркия, Германия, Хитой, Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг шу соҳадаги экспертларининг тавсияларига кўра, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга мўлжалланган, саралаш ва провизор шифохоналари ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари ходимлари иш режимини, уларнинг санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кунбай келиб кетиш тизимига ўтказилишига Республика махсус комиссияси томонидан 2020 йил 17 августдаги йиғилиш баёнига мувофиқ ижобий муносабат билдирилган.

Юқорида баён этилган хулосаларни инобатга олиб, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш даврида тиббиёт ходимлари зиммасига тушган юқори иш юкламасини юмшатиш ҳамда бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 август санасидан бошлаб:

- коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни
даволаш ишларига жалб қилинган тиббий ходимлар ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари ходимлари иш фаолиятини ташкил қилишда амалдаги 14 кунлик “вахта” усулидан, ўрнатилган санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кунбай келиб кетиш тизимига ўтказиш;

- коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни сутка давомида танаффуссиз даволашга ихтисослашган тиббиёт ташкилотларида, жумладан интенсив палатлар ва реанимация бўлимларида график асосида кечки ва тунги вақтларда врачлар навбатчилик қилиши орқали тиббий ёрдам узлуксиз тақдим этилиши йўлга қўйиш;

- ҳар бир 30 кунлик давр учун ҳар ойлик якуни бўйича врачларга
25,0 млн. сўм, ўрта тиббий ходимларга 15,0 млн. сўм, кичик тиббий ходимларга 10,0 млн. сўм ва бошқа ходимларга 5,0 млн. сўм миқдорида махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари) тўланиши;

- ҳар ой якунида ишга жалб этилган кунлар сони 30 кунни ташкил этмаган ҳолларда махсус рағбатлантириш тўловлари ходимларнинг амалда ишлаган кунлари сонига мутаносиб миқдорларда ҳисобланиши ва тўланиши тартиби жорий этилди.

Мазкур тартибларни амалга оширишда, асосий иш жойидаги ойлик маоши сақлаб қолингани ҳамда ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидаги ишга жалб этилгани учун уларга меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда қўшимча ҳақ тўланади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториясига жалб қилинган ходимларнинг махсус рағбатлантириш тўловлари:

- ходим жорий йилнинг 20 август санасигача жалб қилинган бўлса, ходимнинг хоҳишига ва мавжуд вазиятга кўра, унинг 14 кунлик фаолияти якуни бўйича ҳисоб-китоб қилинади, бунда 14 кунлик фаолияти якунига қадар амалдаги шартлар сақлаб қолинади;

- ходим жорий йилнинг 20 август санасидан кейин жалб қилинган бўлса, 30 кунлик давр учун ҳар ой якуни бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда, тиббиёт ташкилотлари фаолиятига жалб қилинган
ходимларга қўлайлик яратиш мақсадида маблағлар уларнинг банк пластик карталарига ўрнатилган тартибда ўтказиб берилади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториясига жалб қилинган ходимларнинг кунбай келиб кетиш тизими жорий этилиши муносабати билан уларнинг талабига асосан ишлаётган даврида жалб этилган муассаса раҳбари томонидан ходимларнинг иш фаолиятларини тўлақонли амалга оширишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш чораларини кўришлари лозим.

Шу билар бирга, Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига асосан тўғри ва соғлом овқатланиш даволанишнинг муҳим элементи ҳисобланишини ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тавсияларини инобатга олиб, шунингдек беморлар ва карантинга олинган шахсларни овқатлантиришда ортиқча исрофгарчиликларни олдини олиш нуқтаи назаридан кунлик овқатлантириш харажатларини меъёрлаштириш мақсадида аутсорсинг хизмати орқали кунлик овқатлантириш харажатларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 35,0 минг сўмгача ва бошқа ҳудудларда 30,0 минг сўмгача бўлган белгиланмоқда. Бунда, 2020 йилнинг 20 августидан бошлаб:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 35,0 минг сўмгача ҳамда бошқа ҳудудларда 30,0 минг сўмгача бўлган миқдорда белгилаш ва кунлик овқатлантиришни етказиб берувчи хўжалик субъектлари билан тузилган шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 35,0 минг сўмгача ҳамда бошқа ҳудудларда 30,0 минг сўмгача белгиланган нархлардан ошмаган ёки камроқ нархларда овқатлантириш ташкиллаштирилган ҳолатларда, ўша белгиланган миқдорларда аутсорсинг хизмати орқали кунлик овқатлантиришни етказиб берувчи хўжалик субъектлари билан тузилган шартномага асосан фаолиятни давом эттириш тавсия этилмоқда. Бунда, тавсия этилган нархлардан юқори бўлган қисми хомийлик ёки бюджетдан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши мумкин.

Ўз навбатида, аутсорсинг хизмати орқали етказиб берувчи хўжалик субъектлари билан тузилган шартномага асосан кунлик овқатлантириш меъёри ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва соғлиқ учун фойдалилиги талаб даражасида бўлишига эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади.

Мазкур тартиблар коронавирус инфекциясига қарши кураш тадбирларига жалб қилинган бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган барча муассаса ва ташкилотларга татбиқ этилади.

Айни пайтда ушбу масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги ўзаро ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасини тайёрламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги